Ўқувчилар Ислом цивилизацияси марказида
Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази уч минг йиллик шонли тарих ва бой маданиятнинг, Янги Ўзбекистон имкониятларининг ёрқин кўзгусидир. Шу билан бирга, Ислом цивилизацияси ёшларни эзгулик, меҳр-оқибат, илмга интилиш ва бағрикенглик каби инсоний фазилатлар асосида тарбиялашга хизмат қилади. Чунки, ҳақиқий маърифат инсонни юксалтиради, уни жамиятга фойдали шахс бўлиб камол топишига ёрдам беради.
Пойтахтимиздаги 295-мактаб ўқувчилари Ўзбекистонда барпо этилган йирик маънавий-маърифий масканлардан бири — Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Мазкур саёҳат ўқувчилар учун нафақат қизиқарли экскурсия, балки тарих, илм-фан ва маданият оламига қилинган ўзига хос маърифий сафарга айланди.
Ташриф давомида ўқувчилар марказда яратилаётган кенг кўламли экспозициялар, ноёб қўлёзмалар, тарихий манбалар ва замонавий интерактив технологиялар билан танишди. Уларга Ислом цивилизациясининг жаҳон илм-фани, маданияти ва тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида батафсил маълумот берилди.

– Бугунги глобаллашув даврида ёш авлодни миллий қадриятлар, бой тарихий мерос ва маънавий асослар руҳида тарбиялаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди мазкур мактаб ўқитувчиси Сурайё Имомова. – Айниқса, аждодларимиз қолдирган илмий-маърифий меросни ўқувчиларга яқиндан танитиш уларнинг дунёқараши, тарихга муносабати ва миллий ғурурини шакллантиришда муҳим ўрин тутади. Ўзбекистон азалдан илм-фан, маърифат ва маданият марказларидан бири бўлиб келган. Бу муқаддас заминда Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд, Аҳмад Фарғоний, Мирзо Улуғбек каби буюк алломалар етишиб чиққан. Улар нафақат ислом илмлари, балки астрономия, математика, тиббиёт ва фалсафа соҳалари ривожига ҳам улкан ҳисса қўшган. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази нафақат ўтмиш ҳақида ҳикоя қиладиган, балки тарих, бугун ва келажакни боғлайдиган, тараққиётимизнинг асосий йўналишларини белгилаб берадиган ақл-тафаккур маркази бўлиши зарур, дея бежизга таъкидлаб ўтмаган.
Экскурсия жараёнида ўқувчилар марказнинг меъморий ечими, миллий услуб ва замонавий технологиялар уйғунлигига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Интерактив экранлар, мультимедиа воситалари ва визуал кўргазмалар ёшларда тарихни замонавий ёндашув асосида ўрганишга бўлган қизиқишни янада оширди.
Бундай маърифий ташрифлар ёшларни китобхонликка, изланишга ва ўз тарихи билан фахрланишга ундайди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА