Виктор Орбанни мағлуб этган Петер Мадьяр ким? (+видео)
“Баҳор шамоли” Венгриянинг энг машҳур халқ қўшиқларидан бири саналади. Табиат уйғониши, муҳаббат ва қайғу ҳақидаги бу оддий қўшиқни мактаб байрамларида, дастурхон атрофида ва расмий тадбирларда ҳам эшитиш мумкин. 40 йил олдин Будапештдаги тўлиб-тошган стадионда Фредди Меркьюри бу қўшиқни куйлаган ва бу концерт Венгрия тарихидаги энг машҳур воқеалардан бирига айланган эди.
“Баҳор шамоли” қўшиғи бугунги кунда яна Венгрия сиёсий ҳаётидаги улкан ўзгаришларнинг рамзига айланди. Охирги икки йил давомида “Тиса” мухолифат партияси етакчиси Петер Мадьярнинг сайловолди митингларида айнан шу қўшиқ бутун мамлакат бўйлаб куйланди.
Мадьяр тарафдорлари уни булутларни тарқатиб юборувчи “баҳор шамоли”га қиёс қилишади. Танқидчилар эса уни ёш, тажрибасиз популист сифатида кўришади.
Гарчи, ҳар не деб атасаларда Мадьярнинг “Тиса” партияси Орбаннинг “Фидес”идан сезиларли устунликка эришди. Орбан мағлубиятни тан олиб, бир неча соат ичида рақибини табриклади.
Венгрияликлар Мадьярни яхши билишсада, сайловлардаги ғалабасидан кейин, бутун Европа, қолаверса бошқа мамлакатлар ҳам унинг шахсига қизиқиб қолишди.
Петер Мадьяр 1981 йил 16 мартда Будапештда ҳуқуқшунослар оиласида туғилган. Унинг оиласи Венгриянинг зиёли қатламига мансуб эди. Бобоси Венгрия Олий судининг судьяси ва машҳур телебошловчи бўлган. Оиласида юқори лавозимли ҳуқуқшунослар кўп бўлгани учун Петер ҳам ҳуқуқ соҳасини танлайди. У католик мактабида ўқиб, кейин университетда ҳуқуқни ўрганган. Шу ерда у келажакдаги Венгрия бош вазири Виктор Орбан билан илк бор учрашган.
Студентлик йилларида у дўсти Гергей Гуляш билан бирга “Фидес” партиясига қўшилади. Кейинчалик Гуляш Орбан ҳукуматида юқори лавозимни эгаллайди, аммо Мадьяр билан муносабатлари узилади.
2000-йиллар ўрталарида Петер ҳуқуқшунос Юдит Варга билан турмуш қуриб, кейин Брюсселга кўчиб ўтади. Улар уч фарзандли бўлишади.
У узоқ вақт Европа Иттифоқи билан боғлиқ майда идораларда ишлайди.
2023–2024 йилларда Венгрия сиёсий тизимида катта можаро юз беради: болалар уйидаги жиноят иши бўйича афв қарори жамоатчилик ғазабини қўзғатади. Президент ва адлия вазири шу воқеа сабаб истеъфога чиқади.
Айнан шу пайтда Петер Мадьяр ижтимоий тармоқларда чиқиш қилиб, тизимни қаттиқ танқид қилади. У собиқ ҳукумат тизими ичидаги инсайдер сифатида танилади.
Унинг ижтимоий тармоқлардаги катта интервьюси бир неча миллион марта кўрилади ва уни миллий миқёсда машҳур қилади. Қисқаси шу воқеалардан кейин унинг сиёсий фаолияти жадаллашади. Тез орада у “Тиса” партияси атрофида жамоа тузади.
У Венгрия бўйлаб сафар қилиб, ҳар куни бир нечта митинг ўтказади. Унинг кампанияси кутилмаган даражада омадли бўлиб чиқади.
Европарламент сайловларида “Тиса” тахминан 30% овоз олиб, катта ғалаба қозонади. У учрашувларда ўзини коррупцияга қарши курашчи, ислоҳотчи, миллий манфаатларни ҳимоя қилувчи сиёсатчи сифатида кўрсатади. Бироқ танқидчилар уни ҳаддан ташқари амбицияли, қаттиққўл ва популист деб ҳисоблайди.
Бугун Мадьяр Венгрия сиёсатининг марказий фигурасига айланган. У эндиликда Венгрия ташқи сиёсатини қайта кўриб чиқиши, Европа Иттифоқи билан муносабатларни яхшилаши ва Украина масаласида бошқача позиция олиши мумкинлиги айтилмоқда. Хуллас, унинг кўтарилиши Венгрия сиёсатидаги энг катта ўзгаришлардан бири сифатида баҳоланмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/tDUgUBD3tZ4" title="Viktor Orbanni mag`lub etgan Peter Madyar kim?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедоа, ЎзА