VIII Тошкент халқаро марафони бўлиб ўтди
Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан анъанавий VIII Тошкент халқаро марафони бўлиб ўтди.
Саккизинчи йил кетма-кет ташкил этилган ушбу нуфузли спорт тадбири мамлакатимиздаги энг йирик оммавий югуриш байрамларидан бирига айланди. Марафон профессионал спортчилар билан бир қаторда соғлом турмуш тарзини қадрловчи минглаб ҳаваскорларни ҳам бир нуқтага жамлади.
Жорий йилда марафонда дунёнинг 50 дан ортиқ давлатидан 15 минг нафарга яқин иштирокчи қатнашди. Мусобақанинг умумий мукофот жамғармаси 300 миллион сўмни ташкил этди.
Тошкент халқаро марафони World Athletics томонидан бериладиган “World Athletics Label” мақомига эга бўлиб, унда қайд этилган натижалар халқаро миқёсда расман тан олинади.
Мусобақа Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси ҳамкорлигида юқори савияда ташкил этилди.
Марафон Ҳумо Арена мажмуасидан старт олиб, пойтахтнинг марказий кўчалари бўйлаб ўтди.
Тадбир доирасида турли ёш ва тайёргарлик даражасидаги қатнашчилар учун қуйидаги масофалар ташкил этилди:
— 42 км (тўлиқ марафон)
— 21 км (ярим марафон)
— 10 км ва 5 км югуришлар
— 3 км скандинавча юриш ва оммавий югуриш
— 2 км инклюзив югуриш
— болалар учун махсус Кидс Рун йўналишлари
Марафоннинг энг асосий — 42 км 195 метр масофасида кучли рақобат кечди. Якуний натижаларга кўра:
Шоҳруҳ Давлатов (Ўзбекистон)
Андрей Петров (Ўзбекистон)
Владислав Прямов (Беларус)
Тошкент халқаро марафони соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, спортни оммалаштириш ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги спорт нуфузини мустаҳкамлаш йўлида муҳим платформа бўлиб хизмат қилмоқда.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/W8HZyYVQAoY" title="ВИИИ Toshkent xalqaro marafoni bo`lib o`tdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Зиёвуддин Нуриддинов, Ойбек Давронов, Салим Обиджонов, ЎзА