Болажонлар веломарафони
Бухоро шаҳрида мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ўртасида анъанавий VII веломарафон ўтказилди.
Веломарафон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 майдаги “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш доирасида ташкил этилди.
Тадбир Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ўзбекистон Велоспорт федерацияси ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси координатори кўмагида ўтказилди. Ушбу лойиҳа ҳар йили мамлакатимизнинг турли ҳудудларида ўтказилиб, болалар ўртасида велоспортни оммалаштириш ва соғлом ҳаёт тарзини тарғиб қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Тадбир доирасида ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси координатори томонидан Бухоро вилоятидаги давлат мактабгача таълим ташкилотларига мактабгача ёшдаги болалар учун мўлжалланган 500 та беговел етказиб берилди. Бу эса болаларнинг жисмоний фаоллигини ошириш, ҳаракатчанлик ва мувозанатни сақлаш кўникмаларини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Веломарафонда иштирок этиш учун Бухоро шаҳридаги 10 та давлат мактабгача таълим ташкилотидан соғлом деб топилган 6-7 ёшли 100 нафар тарбияланувчи саралаб олинди. Шунингдек, мусобақа олдидан ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармасининг тор мутахассислари томонидан болалар қўшимча тиббий кўрикдан ўтказилди.
Белгиланган дастурга мувофиқ, иштирокчилар махсус майдонда 300 метрлик масофани беговелларда босиб ўтдилар. Болажонларнинг фаоллиги, интилиши ва спортга бўлган қизиқиши тадбир иштирокчилари ҳамда меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
[gallery-29809]
Тадбир якунида барча иштирокчилар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси координатори томонидан тайёрланган қимматбаҳо совғалар ва эсдалик туҳфалари билан тақдирландилар.
Веломарафоннинг тантанали қисмида Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов, мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси координатори, элчи Антти Карттуненлар иштирок этиб, ёш авлодни соғлом ва фаол ҳаёт тарзига чорловчи ташаббусларни қўллаб-қувватлаш муҳим эканини таъкидлади.
Мазкур веломарафон нафақат спорт байрами, балки экологик тарбия, соғлом турмуш тарзи ва болаларнинг жисмоний ривожланишини таъминлашга қаратилган муҳим ижтимоий лойиҳа сифатида аҳамият касб этади. Бундай тадбирлар ёш авлод қалбида табиатга эҳтиром, соғлом ҳаётга интилиш ва фаол фуқаролик позициясини шакллантиришга хизмат қилади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари