Ватанга хизмат – олий шараф
Тошкент туманида жойлашган ДХХ Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмларнинг бирида “Ватанга қасамёд” тадбири бўлиб ўтди.
Унда ДХХ чегара қўшинлари раҳбарияти, фахрийлар, Тошкент тумани ҳокимлиги масъуллари, муддатли ҳарбий хизматга келган аскарлар, уларнинг оила аъзолари ва жамоатчилик фаоллари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан масъуллар ўз табригини айтиб, самимий тилакларини билдирди. Саф майдонида қад ростлаб турган йигитлар юзида ишонч, кўзларидан эса Ўзбекистоннинг ишончли ва енгилмас ўғлонлари эканини билиш мумкин. Бундай тантанавор шодиёна Ватан ҳимоясига отланган ҳар бир ўғлон ҳаётида эсда қолиши фахр билан таъкидланди.
[gallery-28850]
Тадбирда сўзга чиққан фаоллар ҳарбий қасамёднинг моҳияти, ўз халқига содиқликнинг юксак масъулияти ҳақида сўзлади. Қасамёднинг ҳаяжонли лаҳзаларидан бири аскар ота-оналарининг самимий дил сўзлари бўлди. Фахрийлар, ота-оналар юрт осойишталиги йўлида хизмат қилишга бел боғлаган ўғлонларга ўзларининг самимий тилакларини билдирди. Хусусан, улар йигитлардаги ўзгаришлар, шижоат ва ҳарбий интизомини кўриб хурсанд бўлди.
Шундан сўнг жорий йил чақирувидаги муддатли ҳарбий хизматчилар Ватанга қасамёд қилди. Асосий тадбирдан сўнг ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари, концерт дастурлари намойиш этилди.
А.Мусаев, А.Алижонов (сурат), ЎзА мухбирлари