Чегарачилар қасамёд қилди
Хонобод шаҳрида жойлашган ДХХ Чегара қўшинлари тасарруфидаги ҳарбий қисмда муддатли ҳарбий хизматни ўташни бошлаган аскарларнинг Ватанга қасамёд қабул қилишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Дастлаб Ўзбекистон мадҳияси янгради, сўнгра кенг майдон узра саф тортган ҳарбий аскарлар тантанали равишда Ватанга қасамёд қабул қилди.
Тадбирда, ҳарбий қисм сержант ва офицерлари, хизматни ўташни бошлаган аскарлар, уларнинг ота-оналари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
[gallery-28856]
Ҳарбий қисм командири, подполковник Жасур Санақулов, Хонобод шаҳар ҳокимининг ўринбосари Фозилжон Қўлдошев, чегара қўшинлари фахрийси, истеъфодаги подполковник Хуршидбек Ибодуллаев ва бошқалар мамлакатимиз Қуролли Кучларида, хусусан, чегара қўшинларида амалга оширилаётган ислоҳотлар юқори самаралар бераётганлиги, миллий армиямиз салоҳияти йилдан-йилга юксалиб бораётганлиги, ҳарбийларнинг хизматни юқори савияда ўташлари учун зарур шарт-шароитлар яратилганлигини алоҳида таъкидлади.
– Ҳарбий қисмда фарзандларимиз учун яратилган шарт-шароитлар билан танишдик, – дейди Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидан хизмат бурчини ўташ учун келган, оддий аскар Давлатбек Бойматовнинг буваси, меҳнат фахрийси Файзулло Хомидов. – Очиғи, бу ердаги шароитларни кўриб, жуда хурсанд бўлдик. Хизматни аъло даражада ўташ учун барча қулайликлар ва имкониятлар яратилган. Ишонаманки, фарзандларимиз ана шу имконият-лардан оқилона фойдаланиб, юрт ҳимояси йўлида муносиб хизмат қилади.
Қасамёд қабул қилган аскарларнинг қайси бири билан суҳбатлашмайлик, уларнинг барчаси юртимиз ҳимоясини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиш, халқимиз тинчлиги ва осойишталигини сақлаш ҳар бир йигитнинг шарафли бурчи эканлигини қатъий ишонч билан таъкидлади.
– Ҳарбий қасамёд хизматни аъло даражада ўташим учун менга ғайрат, шижоат, улкан маънавий куч беради, – дейди Қашқадарё вилояти Қарши туманидан ҳарбий хизматга чақирилган оддий аскар Самирбек Нормуродов. – Ушбу тадбир бир умр ёдимдан чиқмайди, қолаверса, йигитлик бурчимни юқори даражада адо этиш, ҳарбий қасамёдга содиқ, юртимга муносиб фарзанд бўлиш, ота-онам, оилам бағрига ёруғ юз билан қайтиш мен учун юксак шарафдир.
Шунингдек, тадбирда ҳарбий хизматни ўтаётган бир гуруҳ зобит, сержант ва аскарлар давлат чегаралари дахлсизлигини ҳимоя қилишдаги намунали хизмати учун “ДХХ Чегара қўшинлар аълочиси” кўкрак нишони ҳамда қисм қўмондонлигининг фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалари билан тақдирланди.
Тадбир доирасида ҳарбий хизматчиларнинг қурол-аслаҳалардан фойдаланиш, жисмоний тайёргарлик борасидаги кўргазмали чиқишлари, ҳарбий оркестр садолари остидаги парад барчага кўтаринкилик ва хуш кайфият улашди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат),
ЎзА.