Узумзорда кузги юмушлар
Куз — деҳқон ва боғбонлар меҳнати самараси намоён бўладиган муҳим палла. Айни шу фаслда далалару боғларда йил давомида қилинган машаққатли меҳнатнинг меваси йиғиб-териб олинади. Бу жараёнда ҳосилни нест-нобуд қилмасдан йиғиш, саралаш ва истеъмолчиларга етказиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманидаги “Чойкўл” овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 5 гектарлик узумзорда ҳам айни кунларда йиғим-терим ишлари қизғин давом этмоқда. Пишиб етилган узумлар териб олиниб, ички бозорга етказиб бериш ва экспортга тайёрлаш ишлари уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда.
Мазкур узумзор “Умида Болтабоева” масъулияти чекланган жамияти тасарруфида бўлиб, 2023 йилда ташкил этилган. Токзорда асосан Самарқанд вилоятидан келтирилган “Тойифи” навли узум кўчатлари парвариш қилинади.
[gallery-31808]
— Токзорда ҳосилдорлик юқори, - дейди хўжалик иш юритувчиси Қудрат Юсупов. — Айни пайтда 1 гектар майдонда “Келин бармоқ”, “Ф1”, “Ҳусайни” каби узум навларининг янги кўчатлари ҳам парваришланмоқда. Келгусида ушбу навларни ҳам серҳосил токзорларга айлантиришни режалаштирганмиз.
Мавсумий йиғим-терим ишларига 20 нафарга яқин фуқаро жалб этилган. Ҳар куни ўртача 3–4 тонна узум ҳосили йиғиб олинмоқда. Маҳсулотнинг асосий қисми экспортга йўналтирилаётгани хўжаликда узумчиликнинг иқтисодий самарадорлиги ортиб бораётганидан далолат беради.
Хўжалик жамоаси жорий йил якунига қадар токзордан 60–70 тонна атрофида ҳосил олишни мақсад қилган. Белгиланган кўрсаткичга эришиш мақсадида йиғим-терим ишлари жадал давом эттирилмоқда.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА