Сув, иқлим ва хавфсизлик: Марказий Осиё "бир овозда" сўзламоқда
Тошкентда Марказий Осиёнинг беш давлати, Германия ва Европа Иттифоқи вакиллари, олимлар ҳамда халқаро ташкилотлар иштирокида иқлим ўзгаришига мослашиш масалалари муҳокама қилинмоқда. Асосий мақсад – илмий маълумотларни амалий қарорларга айлантириш орқали минтақавий ҳамкорликни кучайтириш.
Мулоқот давомида сув ресурслари келажаги, қурғоқчилик, музлик эриши, иқлим хатарини баҳолаш ва салбий ҳолатлардан эрта огоҳлантириш мавзуларига алоҳида эътибор қаратиляпти. Мутахассислар муайян эҳтимолий таҳдид давлат чегарасида тўхтаб қолмаслигини инобатга олиб, мавжуд муаммоларга умумий ёндашув зарурлигини маъқулладилар.
Табийки, республикамиз учун ҳам айни масалалар жуда долзарб. 2026 йилга келиб мамлакатда сув тежовчи технология воситалари 2,6 миллион гектар майдонни, яъни суғориладиган ернинг қарийб 60 фоизини қамраб олди. “Яшил” энергетика улуши ҳозироқ 30 фоиздан ошди, Орол денгизи қуриган тубида 2 миллион гектардан зиёд ҳудудда ҳимоя ўрмонзори барпо этилди.
Ўзбекистон томони минтақавий иқлим сиёсати илмий асосланган маълумотга таяниши, умумий стратегия аниқ лойиҳаларга айлантирилиши зарурлигини таъкидлади. Бунинг учун давлатлар ўртасида мувофиқлаштирилган маълумот ва малакали мутахассислар алмашинуви йўлга қўйилиши, иқлим молиясига кириш имконияти кенгайтирилиши муҳим.
[gallery-https://uza.uz/uz/collection/31830]
Тадбирда COP-31 олдидан “Бир минтақа – бир овоз” тамойили асосида Марказий Осиёнинг умумий иқлим устуворлигини шакллантириш мавзуси ҳам муҳокама қилинди. Беш давлат вакиллари халқаро ҳамкорлар билан бирга минтақавий ҳамкорлик ва мувофиқлашувни кучайтириш имкониятини кўриб чиқдилар.
Энди асосий вазифа – келишилган ёндашувларни амалий натижага айлантириш. Манбани тежаш, эрта огоҳлантириш, иқлим ва сув-метеорология маълумоти алмашинуви, илмий ҳамкорлик ҳамда трансчегаравий лойиҳалар жараённинг устувор йўналишлари сифатида белгиланган.
Мусулмон Зиё,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА