“Узум сайли – 2026”: халқаро фестиваль бошланди
Азалдан Паркент тумани узумчилик анъаналари, ноёб узум навлари ва ўзига хос деҳқончилик маданияти билан машҳур. Бу заминда асрлар давомида шаклланган тажриба бугун замонавий агротехнологиялар, илмий изланишлар ва экспорт имкониятлари билан уйғунлашиб, соҳанинг янги босқичда ривожланишига хизмат қилмоқда.
Хусусан, бугундан Паркент тумани Заркент қишлоғида анъанавий “Узум сайли – 2026” халқаро фестивали бошланди. Президентимизнинг 2025 йил 24 июлдаги “Тошкент вилоятида ишбилармонлик муҳити, инфратузилма ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ тўртинчи маротаба ташкил этилган мазкур фестиваль ўзбек узумчилигининг бой тарихи ва бугунги салоҳиятини намойиш этиш, соҳада илғор технологияларни кенг жорий қилиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва мамлакатимизнинг туризм имкониятларини тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этяпти.

Фестиваль доирасида узум етиштиришнинг анъанавий усуллари, замонавий агротехнологиялар, маҳсулотни сақлаш ва қайта ишлашнинг илғор тажрибалари намойиш этилмоқда. Шу билан бирга, миллий маҳсулотларни халқаро бозорларда тарғиб қилиш, ўзбек узумчилиги брендини мустаҳкамлаш, ноёб узум навлари ва боғдорчилик маҳсулотларини оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Таъкидлаш лозим, “Узум сайли” йилдан-йилга нафақат маҳаллий, балки халқаро миқёсдаги нуфузли тадбирга айланиб бормоқда. Бу йилги фестивалда ҳам хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари, халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар, экспертлар, соҳа мутахассислари, тадбиркорлар ҳамда йирик виночилик корхоналари вакиллари иштирок этмоқда. Жумладан, Италия виночилик уюшмаси раҳбари Леонардо Коммучи, БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси эксперти Сергей Данилов, Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтининг туризмни ривожлантириш йўналиши менежери Ашгар Маҳмууд Суфян, Тошкент давлат аграр университети мустақил тадқиқотчиси Лиу Чангхин каби хорижий мутахассислар жалб қилинган.

Фестивалга Индонезия, Туркия, Сербия, Россия, Корея, Сингапур, Беларусь, Грузия, Озарбайжон каби давлатлардан 30 дан ортиқ олим, эксперт ва соҳа вакиллари ҳам ташриф буюрди. Бу эса “Узум сайли”нинг узумчилик соҳасида тажриба алмашиш, янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва инвестициявий лойиҳаларни муҳокама қилиш учун муҳим халқаро платформага айланаётганидан далолат беради.

Фестиваль дастуридан узумчилик соҳасини ривожлантиришга бағишланган илмий-амалий конференциялар, бизнес-семинарлар ва маҳорат дарслари ҳам ўрин олган. Уларда узум етиштириш самарадорлигини ошириш, янги навларни жорий этиш, замонавий агротехнологиялардан фойдаланиш, маҳсулотни сақлаш ва қайта ишлаш, экспорт ҳажмини кўпайтириш, шунингдек, халқаро тажрибани Ўзбекистон шароитига татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинмоқда.

Хорижий ва маҳаллий мутахассислар томонидан соҳадаги илғор тажрибалар тақдим этилди. Бу жараён узумчиликни нафақат қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоғи, балки илм-фан, инновация ва экспорт салоҳиятини бирлаштирувчи йўналиш сифатида ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Бу имкониятлар янги навларни яратиш, кўчатчиликни ривожлантириш, ҳосилдорликни ошириш ва илмий ишланмаларни амалиётга кенг жорий этиш учун мустаҳкам замин яратади.
Аслида Тошкент вилоятида узумчиликнинг бой тарихи бор. Ўтган асрнинг 50–60-йилларида айнан шу ҳудудда 13 турдан зиёд узум нави яратилган. Машҳур узумчи-селекционер Ризамат ота Мусомуҳаммедов қарийб 15 йиллик изланиш ва тадқиқотлари натижасида маҳаллий иқлим шароитига мос, серҳосил узум навини яратган. Бугунга қадар мазкур нав халқ орасида “Ризамат ота” номи билан машҳур. Ҳозир мамлакатимизда етиштирилаётган 28 дан ортиқ хўраки ва винобоп узум навларининг 13 таси Тошкент вилоятида яратилган.
Соҳани қўллаб-қувватлаш, яратилган имтиёз ва преференциялар, шунингдек, замонавий технологияларнинг жорий этилиши натижасида вилоятда узумзорлар майдони 13 минг гектардан 19 минг гектарга етказилди.

– Бугун вилоятда узумчиликни замонавий асосда ривожлантириш, маҳсулот турларини кўпайтириш ва экспортбоп навларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Ж.Бобожонов. – Айниқса, жорий йилда илк бор данаксиз “Аватар” узум нави етиштирилиб, дастлабки ҳосил олинди. Мазкур нав 2004 йилда АҚШнинг “International Fruit Genesis” компанияси олимлари томонидан яратилган бўлиб, ширинлиги, серсувлиги билан ажралиб туради. Мутахассислар унинг экспорт салоҳияти юқори эканини таъкидламоқда.
Шу билан бирга, ҳозир Тошкент вилоятида етиштирилаётган узумнинг 50 минг тоннадан ортиқ қисми 15 та давлатга, вино маҳсулотлари эса 12 та давлатга экспорт қилинмоқда. Келгуси икки йилда вилоятда яна 12 минг гектар юқори ҳосилдор узум плантацияларини барпо этиш режалаштирилган. Натижада узумзорлар майдони 49 минг гектарга, ялпи ҳосил эса 520 минг тоннага етказилиши кўзда тутилмоқда. Бу кўрсаткичлар узумчиликнинг ҳудуд иқтисодиётидаги ўрни тобора ортиб бораётганини, тармоқда экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш ва янги иш ўринлари яратиш имкониятлари кенгаяётганини кўрсатади.
“Узум сайли” фестивалининг Паркентда ўтказилиши бежиз эмас. Туманда узум етиштиришнинг ўзига хос мактаби шаклланган. Бугун Паркентда 530 дан зиёд фермер хўжалиги 15 минг гектардан ортиқ майдонда 13 дан зиёд узум навини етиштирмоқда. Паркент узумлари ҳозирда дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатига экспорт қилинмоқда.
Фестиваль доирасида миллий қадриятлар, урф-одатлар ва анъаналарни кенг тарғиб этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Меҳмонлар учун ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмалари, миллий таомлар ва либослар намойиши, ҳудудларнинг ўзига хос анъана ва урф-одатларини акс эттирувчи павильонлар ташкил этилди.
Фестиваль эртага ҳам давом этади.
А.Мусаев,ЎзА