Маҳалла — халқ ва давлат ўртасидаги ишончли кўприк
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси томонидан «Маҳалла — Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг остонаси» мавзусида конференция ўтказилди.
Унда депутатлар, давлат органлари ва идоралари раҳбарлари, маҳалла тизими вакиллари, фуқаролик жамияти институтлари, олимлар, экспертлар, ёш тадқиқотчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, мустақиллик йилларида, айниқса, сўнгги ўн йилда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида маҳалла институтининг ҳуқуқий мақоми, ваколатлари ва жамият ҳаётидаги ўрни мутлақо янги босқичга кўтарилди. Бугун маҳалла давлат ва жамият ўртасидаги ишончли мулоқот майдони, аҳоли муаммоларини жойида ҳал қилиш, ижтимоий адолатни таъминлаш, оилалар фаровонлигини мустаҳкамлаш ва фуқароларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашнинг энг муҳим бўғини сифатида фаолият юритмоқда.

Жорий йилнинг юртимизда «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» деб эълон қилиниши маҳалла институтини янада мустақил ва халқчил тузилмага, жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш, унинг жамиятдаги нуфузи ва ролини янада кучайтиришга хизмат қилди. Президентимизнинг 2026 йил 24 июндаги «Маҳалла бошқарувини самарали ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони эса маҳалла тизимини янада такомиллаштириш ва унинг фаолияти самарадорлигини ошириш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқди.

Маҳаллада «еттилик» тизими жорий қилиниб, кредит, субсидия, компенсация, моддий ёрдам ажратиш каби 100 дан зиёд хизматлар маҳалла даражасига туширилгани, маҳалла раисларининг ваколат муддати 3 йилдан 5 йилга узайтирилгани ва улар бошчилигида «еттилик» вертикал тизими яратилгани маҳаллани аҳолига энг яқин ва натижа учун жавоб берадиган бошқарув бўғинига айлантиришга хизмат қилмоқда.
Конференция иштирокчилари Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги мамлакатимиз тараққиётининг муҳим тарихий босқичи сифатида янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида эришилган натижаларни таҳлил қилиш, мавжуд тажрибани умумлаштириш ҳамда келгуси вазифаларни белгилаб олиш учун муҳим имконият эканини қайд этди.
Тадбир давомида маҳаллаларда ижтимоий ҳимоя, камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жамоатчилик назорати, рақамли бошқарув ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига бағишланган маърузалар тингланди.
Шунингдек, маҳаллалар фаолиятига замонавий ахборот технологияларини янада кенг жорий этиш, давлат хизматларини аҳолига янада яқинлаштириш, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини ошириш ва маҳалланинг ташаббускорлик салоҳиятини кучайтириш бўйича амалий таклифлар билдирилди.
— Маҳалла жамият ҳаётининг муҳим бўғини бўлиб, ислоҳотларнинг амалий натижаси, аввало, маҳаллаларда намоён бўлади, — дейди қўмита раиси ўринбосари Абдулло Аслонов. — Бугун маҳалла институти халқ ва давлат ўртасидаги энг ишончли тузилмага айланди. Бу эса аҳоли муаммоларини жойида ва тезкор ҳал этиш, фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, уларнинг ташаббус ва таклифларини бошқарув қарорларида инобатга олишга хизмат қилмоқда.
Конференция якунида маҳалла институтини янада ривожлантириш, унинг ҳуқуқий ва институционал асосларини янада такомиллаштириш, давлат органлари, маҳалла ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш ҳамда қонунчиликни янада такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА