Уйларга қонуний мақом бериш жараёни изчил давом этмоқда
Жиззах вилоятининг Зарбдор туманида хатлов ишлари шунчаки рақамлар ёки қуруқ статистика эмас. Бу — йиллар давомида ҳужжатсиз, ноаниқ мақомда яшаб келган минглаб хонадонлар тақдирининг қонуний ечим топиши демакдир.
“Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни бугун кўплаб оилалар учун енгил нафас олиш имконини бермоқда. Илгари ҳужжатсиз уйда яшаш одамни доимий хавотирда ушлаб келган бўлса, эндиликда ана шу мулкларга қонуний мақом бериш жараёни изчил давом этмоқда.
Туманда кадастр муҳандислари томонидан олиб борилаётган хатлов ишлари очиқлик ва аниқлик асосида ташкил этилган. Ҳар бир ҳудуд босқичма-босқич ўрганилиб, ердан фойдаланиш ҳолати, қурилмаларнинг ҳуқуқий мақоми ва мавжуд ҳужжатлар синчиклаб таҳлил қилинмоқда.
Айни пайтга қадар туманнинг 11 та маҳалласида хатлов ишлари амалга оширилди. Йил якунига қадар яна 6 та маҳаллада инвентаризация ишларини ўтказиш режалаштирилган. Шунингдек, 6 та маҳалла фуқаролар йиғини чегаралари UZKAD тизимида шакллантирилиб, 1003 та кўчмас мулк объекти бўйича хатлов ишлари бажарилди.
2026 йил 11 май ҳолатига кўра, тумандаги 4535 та турар жой объекти хатловдан ўтказилиб, “Эътироф” ахборот тизимига киритилди. Айни вақтда 4204 та объект муҳокама жараёнида турибди.
Мутахассислар таъкидлаганидек, бу ишлар фақат кадастр тизимини тартибга солиш эмас, балки инсоннинг энг қадрли ҳуқуқларидан бири — мулк дахлсизлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири