Уволдан қўрқинг!
Шифокорларнинг тавсиясига кўра спорт билан шуғулланиш, жуда бўлмаганда пиёда юриш инсон танасига, руҳиятига тетиклик ва яхши кайфият бағишлаши мумкин экан. Тонгда маҳалла йўлаги бўйлаб пиёда юришга одат қилганман. Шундай кунлардан бирида бир хонадон дарвозаси остида турли чиқиндилар билан қоришиб ётган нон бўлакларига кўзим тушди. Аста бориб қўлимга олдим. Тандирда ёпилган, озгина суви қочган оппоқ нон бўлаклари. Яна бир картон қутида эса ярим ушатилган, ҳатто, бутун нонлар ҳам бор.
Жуда таъсирланиб турганимда ичкаридан ёш келин супурги кўтариб чиқиб, менга таажжуб билан боқиб, қўлимдаги нон бўлакларига қаради-да: “Амаки керак бўлса, уларни ҳам олиб кетаверинг, бизга керак эмас”, – деб ерда ётган нонларга ишора қилди. У бу сўзларни шу қадар бепарволик билан айтди-ки, нонни уволи нима эканини, унга тушунтиришнинг фойдаси йўқлигини англадим ва бирор сўз демасдан нонларни йиғиштириб олдим.
Бу нима шўхликка тўқликми ёки калтабинлик? Ота уйидаги ёки келин бўлиб тушган хонадондаги тарбиянинг заифлиги.

Инсон ҳаётида шундай неъматлар борки, уларнинг қадрини пул билан ўлчаб бўлмайди. Нон ана шундай буюк неъматлардан биридир. Ўзбек халқининг кўп асрлик турмуш тарзи, урф-одатлари ва маънавий меросида нон нафақат кундалик озуқа, балки барака ва фаровонлик тимсоли сифатида эъзозланиб келинади.
Бир бурда ноннинг дастурхонга етиб келгунча бўлган жараёнда кўплаб инсонларнинг машаққатли меҳнати ҳам бор, албатта. Бунда деҳқоннинг уйқусиз тунлари, донни унга айлантиришдаги оғир меҳнатлар, новвойларнинг эса чўғ тафтига тик бориб қилган меҳнатлари мужассам.
Ўзбек миллатида нонга бўлган эътибор дастурхон кўрки, оила тотувлиги, бойлиги ва келажак умиди сифатида баҳоланади. Дунёдаги жамики ноз-неъматларни дастурхонга тўкиб ташланг, агар нон бўлмаса, унга файз кирмайди. Дастурхонимизга файз бериб турган ноннинг тайёрланиш жараёнида сув, электр энергия, ёқилғи, транспорт, меҳнат ресурслари сарфланишини ҳамма ҳам бирдек англамайди.
Нонни эъзозлаган халқнинг баракаси бутун бўлади. Бу халқимиз ҳаётида юзлаб йиллар давомида синовдан ўтган ҳаётий ҳақиқатдир. Ҳатто, узоқ сафарга чиққан инсонга нон тутиб қолиш, янги келиннинг нон ушлаб хонадонга кириши, дастурхоннинг нон билан очилиши каби урф-одатлар ҳам халқимизнинг бу неъматга бўлган юксак эҳтиромини ифода этади.

Бундан чамаси эллик йиллар аввалги бир хотира ёдимга тушди. Отам билан мактаб учун зарур бўладиган буюмлар харид қилишга Чорсу бозорига тушдик. Уст-бош, ўқув қуроллари яна рўзғор учун майда-чуйда нарсалар харид қилдик. Тушлик бўлиб қолган экан, бир пиёла чой учун ошхонага кирдик. Одам гавжум бўлгани сабаб бир амаллаб жой топиб жойлашдик. Биз ўтирган жойда нон саватчада нон бўлаклари қолган экан. Тушликдан сўнг, отам саватчадаги нон бўлакларини йиғиб ола бошладилар. Шунда мен отамга: “Ота нима қиляпсиз, одамлар бизга қараяпти, нонларни олманг, нима деб ўйлашади”, – дедим. “Ким нима деса дер. Бу бизнинг ризқимиз. Олмасак буни чиқитга ташлаб юборишади. Уволи кимга уради, бизга уради”, – деб халтага солиб қўйдилар. Мен ўшанда атрофдагилардан жуда уялган эдим. Билсам, ўша пайтда бу энг катта тарбия бўлган экан. Шундан бери бирор жойда оилавийми ёки дўстлар билан бўладими тановул қилган жойда нон бўлакларини қолдирмайман. Бу қорин очлигидан эмас, уволдан қўрқиш бўлса керак.
Яна бир хотира. Отам Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги озиқ-овқат дўконларидан бирида ишлар эдилар. Мактабдан таътилга чиққан пайтларимизда укам билан отамга ёрдамлашгани борар эдик. Бир куни рус миллатига мансуб қария дўконга кириб келди. Бир буханка нон ўн копеек бўлган пайтлар. У беш копеек берди ва отам буханкани тенг ўртасидан бўлиб узатдилар. Шунда мен ҳайрон қолдим. Бунақасини кўрмаганим учун отамдан сўрадим. “Кўчанинг нариги тарафидаги уйда чол ва кампир яшайди. Буларга шу етади. Кечга томон яна ярим бўлак олади. Биринчидан керагини, иккинчидан янги келган нондан олади. Энг асосийси, исрофга йўл қўймайди”, – дедилар.
Бироқ бугун глобаллашув, ортиқча истеъмол ва исрофгарчилик туфайли ноннинг ҳақиқий қадри баъзан унутилаётгандек. Бу эса нафақат маънавий, балки иқтисодий ва экологик муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда. Дунё миқёсида ҳам бу муаммо долзарблигича қолмоқда. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) маълумотларига кўра, ишлаб чиқарилган озиқ-овқатнинг қарийб учдан бир қисми йўқотилади ёки исроф қилинади. Бу бир пайтнинг ўзида миллионлаб инсонлар очликдан азият чекаётган шароитда жиддий муаммо ҳисобланади.
Турли матбуот нашрларда дунё майдонидаги энг долзарб муаммолар ҳақида тинимсиз фикрлар ва қарашлар омма эътиборига ҳавола этилмоқда. Масалан, сув танқислиги, ёқилғи маҳсулотлари, жумладан, табиий газ, электр энергия ва яна кўплаб инсон яшаши учун энг муҳим бўлган неъматлар ҳақида дунёнинг етук олимлари, соҳа мутахассислари ўз қарашларини баён этмоқда. Бугун дунёда озиқ-овқат, жумладан, нон маҳсулотлари исрофи жиддий муаммога айланиб бораётгани ҳам айни ҳақиқат.

Кейинги йилларда мамлакатимизда исрофгарчиликни камайтириш, чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлашга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, Президентнинг 2024 йил 4 январдаги “Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бўйича кенг кўламли вазифалар белгиланди. Ҳужжатда чиқиндиларни саралаш, қайта ишлаш улушини ошириш ва аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришга алоҳида урғу берилган.
Педагоглар ва психологларнинг таъкидлашича, болада тежамкорлик ва неъматга эҳтиром туйғуси, аввало, оилада шаклланади. Болалар катталарга нисбатан кузатувчан бўлади. Бола уйдаги ёши улуғ инсонлар ҳаракатидан кўп нарса ўрганади ва бу унинг онгида узоқ сақланади. Ҳар бир нарсага бўлган муносабатнинг шаклланиши ёшларда тез ривожланади. Нонга ҳурмат, аввало, оилада шаклланади. Фарзанд дастурхон атрофида катталарнинг муносабатини кўриб улғаяди. Агар хонадонда нон ерга ташланмаса, ортиқча харид қилинмаса, қолган нондан оқилона фойдаланилса, бу келажак авлод учун ҳам ҳаётий одатга айланади.

Оддий, аммо, ҳаётда синовдан ўтган қоидалар ҳар доим самара беради. Бунинг учун уларга амал қилишнинг ўзи кифоя. Масалан, эҳтиёжга яраша нон харид қилиш, иссиқлигидан таъсирланиб ортиқча олмаслик, қолган қисмидан миллий таомлар ёки сухари тайёрлаш, истеъмолга яроқли ортиқча маҳсулотларни эса эҳтиёжмандларга улашиш каби оддий одатлар катта ижтимоий ва иқтисодий аҳамият касб этади.
Бугун Янги Ўзбекистонда экологик маданиятни юксалтириш, тежамкорлик тамойилларини ҳаёт тарзига айлантириш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида изчил илгари сурилмоқда. Бу мақсадларга эришишда ҳар бир фуқаронинг онгли муносабати ва шахсий масъулияти ҳал қилувчи ўрин тутади.
Нонга эҳтиром деҳқоннинг машаққатли меҳнатига эҳтиромдир. Уни исроф қилмаслик эса ер, сув ва бошқа табиий бойликларни авайлаш, келажак авлод онгига тежамкорлик ва масъулият туйғусини сингдириш демакдир.
Зеро, ризқи эъзозланган хонадонда барака бўлади, меҳнат қадри улуғланган жамият эса тараққиёт ва фаровонлик сари ишонч билан одимлайди.
Асрор Сулаймонов,
ЎзА.