Ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди
Тошкент кимё-технология институтининг Янгиер филиалида Хитой Халқ Республикасидан ташриф буюрган инвесторлар иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Унда инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар чоғида филиал ҳузуридаги Энергетика технопаркида литий-ион аккумуляторлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган "Celco" компаниясининг фаолияти, ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва маҳсулот рақобатбардошлигини юксалтириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Шунингдек, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, илғор хорижий тажрибани ишлаб чиқаришга татбиқ этиш, илмий ишланмаларни тижоратлаштириш ҳамда замонавий саноат учун рақобатбардош кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Учрашув якунида ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни кенгайтириш ва келгусидаги амалий ишлар бўйича келишувларга эришилди.

— Бугунги кунда халқаро ҳамкорлик нафақат инвестицияларни жалб этиш, балки замонавий технологиялар ва илғор тажрибани мамлакатимизга олиб киришнинг ҳам муҳим воситаси ҳисобланади. Хитойлик ҳамкорлар билан амалга оширилаётган лойиҳалар талабаларнинг амалий кўникмаларини бойитиш, илмий ишланмаларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Бу эса филиалнинг халқаро нуфузини ошириш билан бирга, ҳудудда юқори технологияли саноатни ривожлантириш учун ҳам янги имкониятлар яратади, — дейди ТКТИ Янгиер филиалининг халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Рустам Маҳмудов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири