Университетда диплом топшириш маросими (+видео)
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида жорий ўқув йили битирувчиларига диплом топшириш маросими бўлиб ўтди.
Бу йилги тадбир университет ташкил этилганининг 10 йиллиги муносабати кўтаринки руҳда бўлди. Унда профессор-ўқитувчилар, фахрий устозлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ота-оналар иштирок этди.
Сўзга чиққанлар илм даргоҳининг ўн йиллик тараққиёт йўли, таълим ва илм-фан соҳасида эришилган ютуқлари, халқаро ҳамкорликлар ҳамда жаҳон олийгоҳлари рейтингларида қайд этилган юқори натижалар ҳақида тўхталиб ўтдилар.
Таъкидланганидек, 2016 йилда учта бакалавриат таълим йўналиши ва бешта магистратура мутахассислиги билан фаолият бошлаган университет бугунги кунда 14 та бакалавриат ва 12 та магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлаб келаётган, 6300 нафардан ортиқ талабани қамраб олган замонавий олий таълим муассасасига айланди.
Сўнгги йилларда университет халқаро рейтингларда ҳам юқори натижаларга эришди. Маросимда университетнинг илмий салоҳиятини юксалтириш, халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, академик мобилликни ривожлантириш, хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Жорий ўқув йилида университетни жами 1777 нафар битирувчи муваффақиятли тамомлади. Жумладан, 1077 нафар кундузги, 320 нафар сиртқи, 162 нафари кечки таълим шакли бўйича таҳсил олди. Улардан 218 нафари эса магистратура босқичини якунлади.
Тадбир давомида битирувчиларга давлат намунасидаги дипломлар тантанали равишда топширилди. Шунингдек, таълим, илм-фан, жамоат ишлари ва ижодий фаолиятда алоҳида ютуқларга эришган бир гуруҳ фаол битирувчилар муносиб тақдирланди.
Тантанали маросим концерт дастури билан давом этди. Университетнинг ижодкор талабалари ҳамда санъаткорлар иштирокидаги мусиқий чиқишлар тадбирга кўтаринки кайфият бағишлади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/6-FZSoUIWlw" title="Universitetda diplom topshirish marosimi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Нишонбой Абдувойитов,ЎзА