Умуммиллий бирдамлик – Янги Ўзбекистон тараққиётининг ҳаракатлантирувчи кучи!
30 июль – Халқлар дўстлиги куни муносабати билан ўтказилаётган «Дўстлик» фестивали доирасида “Умуммиллий бирдамлик – Янги Ўзбекистон тараққиётининг ҳаракатлантирувчи кучи!” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтган мазкур нуфузли халқаро анжуманда мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган хорижий дипломатик корпус вакиллари, халқаро ташкилотлар вакиллари, хориждаги ватандошлар ва ўзбек жамиятларининг раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари, миллий маданият марказлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига байрам табригини Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ўқиб эшиттирди.
Халқаро анжуманнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради.
Мамлакатимизда халқлар ўртасидаги аҳиллик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва бунда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг беқиёс ўрни ва аҳамиятига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита раиси Қаҳрамон Сариев, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Улуғбек Шерматов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Олим Тошбоев, Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов Ўзбекистонда умуммиллий бирдамликни мустаҳкамлаш, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини асраш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади.
Бугун Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакилларининг тинч ва аҳил ҳаёт кечираётгани, уларнинг мамлакат тараққиётига қўшаётган муносиб ҳиссаси умуммиллий бирдамликнинг амалий ифодаси саналади.
– Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда “Дўстлик” фестивали бешинчи марта нишонланмоқда, – деди Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов. – Миллатлараро тотувлик, ҳамжиҳатлик, динлараро, маданиятлараро ҳамжиҳатликни асраш Ўзбекистонда бугун эмас, балки асрлар давомида шаклланган анъана саналади. Янгиланиш йўлидан дадил бораётган Ўзбекистонимизда умуммиллий бирдамликнинг ҳуқуқий асослари кўплаб ҳужжатлар билан мустаҳкамлаб қўйилган. Бош Қомусимизнинг 8-моддасида Ўзбекистон халқини миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этиши белгиланган. Буларнинг бари Ўзбекистон олиб бораётган сиёсатнинг юксак инсонпарварлик, бағрикенглик тамойилларига асосланишини ифодалайди. Ватанимизнинг бу борадаги тажрибаси жаҳон мамлакатлари учун ибрат саналади.
–Президентимизнинг 30 июль – Халқлар дўстлиги куни муносабати билан Ўзбекистон халқига байрам табригини ҳаяжон билан тингладик, – деди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Виктор Пак. – Дарҳақиқат, бугунги кунда Ўзбекистонда миллатлар, диний конфессиялар ўртасида ўзаро дўстлик, ҳамжиҳатлик муносабатларини мустаҳкамлаш йўлида зарур барча шароит ва имкониятлар яратиб берилган. Миллий маданий марказларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун муҳташам павильон барпо этилди. Буларнинг бари табаррук Ўзбекистонда ҳар бир инсон, миллати, динидан қатъи назар давлат ва жамият эътиборида эканининг амалдаги ёрқин намунасидир.
[gallery-30639]
Конференцияда жамиятда миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш, халқ дипломатиясининг замонавий механизмларини ривожлантириш, хориждаги ватандошлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва миллий маданий марказлар ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама этилди.
Шунингдек, янги Ўзбекистонда умумиллий бирдамликни мустаҳкамлашнинг ҳуқуқий ва институционал асослари, хориждаги ватандошлар билан алоқаларни янада такомиллаштириш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имижини мустаҳкамлашда халқ дипломатиясининг ўрни юзасидан маърузалар тингланди.
Тадбир якунида конференция иштирокчилари томонидан муҳокама этилган мавзулар юзасидан амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
“Дўстлик” фестивали доирасида ташкил этилган ушбу халқаро илмий-амалий конференция умуммиллий бирдамлик ғоясини илмий асосда ривожлантириш, тажриба алмашиш ва долзарб ташаббусларни илгари суриш учун муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилди.
Назокат Усмонова,
Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА мухбирлари