Янги Ўзбекистондаги маърифий ўзгаришлар – Мисрнинг нуфузли нашри нигоҳида
Миср Араб Республикасининг “Ал-Сиёсий” электрон нашрида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, тарих фанлари доктори, профессор Шовосил Зиёдовнинг “Ўзбекистондаги диний ва маърифий ислоҳотлар” номли таҳлилий мақоласи эълон қилинди.
Кейинги пайтда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари томонидан хорижий нашрларда юртимиздаги диний-маърифий ислоҳотлар, буюк алломаларимиз меросини ўрганиш борасидаги ишлар ҳақида кўплаб мақолалар чоп этилмоқда. Бу, хорижда мамлакатимиз тарихи ва маданияти, амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларига қизиқиш ортиб бораётганидан далолат беради.
Шовосил Зиёдов мақоласида ҳам сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишлар ва стратегик ислоҳотлар силсиласида диний-маърифий соҳа, миллий ва маънавий қадриятларни тиклаш ва ривожлантириш масаласи марказий ўрин тутаётгани алоҳида таъкидланган. Муаллиф давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Жаҳолатга қарши – маърифат” тамойили радикализм ва мутаассибликка қарши курашда маъмурий-куч ишлатар усуллардан воз кечиб, илм, маърифат ва аждодларнинг бой меросини чуқур ўрганиш орқали жамиятни соғломлаштиришнинг энг самарали моделига айланганини асослаб берган.

Мақолада соҳанинг институционал пойдевори сифатида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари томонидан аждодлар меросини ўрганиш ва сохта ғояларга илмий раддиялар тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам батафсил ёритилган.
Шунингдек, олий даражали “Имом Бухорий” орденининг таъсис этилиши ҳамда ушбу мукофот билан хорижий давлатлар етакчилари, юртимиз диний уламолари мукофотлангани қайд этилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ҳадис олий мактаби ва Тошкент ислом институти фаолияти, жумладан, манбалар бўйича ижозатномалар бериш, 3D моделлаштириш ва ислом молияси бўйича кадрлар тайёрлаш ҳамда ёш олимларни рағбатлантириш тизими ёритилган.
Мақолада ислоҳотларнинг марказида инсон қадри ва юксак инсонпарварлик ғояси тургани алоҳида қайд этилади. Муаллиф 17 мингга яқин фуқаронинг “махсус рўйхатлар”дан чиқарилгани, минглаб маҳкумларнинг афв этилгани, “Меҳр” гуманитар операциялари доирасида 530 дан ортиқ юртдошимиз (асосан аёллар ва болалар) Ватанга қайтарилиб, реабилитация қилингани ҳамда Рамазон ойларидаги саховат тадбирлари ва эҳтиёжманд аҳолини давлат ҳисобидан муборак ҳаж зиёратига юбориш тажрибасини асрга татигулик ислоҳотлар сифатида эътироф этган.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири