“Улуғбек хазинаси” романи инглиз тилида
Ўзбекистон халқ ёзувчиси, “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси” тарихий романининг биринчи қисми Андижон давлат чет тиллар институти докторанти Абдулло Рўзиев томонидан инглиз тилига таржима қилинди.
Шу муносабат билан Андижон давлат чет тиллари институтида инглиз тилида чоп этилган “The Treasure of Ulugbek” номли китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда, институт ректори Дилшодбек Рустамов, профессор-ўқитувчилар, улуғ адиб Одил Ёқубовнинг фарзандлари, яқинлари, адабиёт ихлосмандлари, шоир, ёзувчи ва талаба ёшлар иштирок этди.

Унда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилояти бўлими раҳбари Хуршида Ваҳобжон қизи Одил Ёқубовнинг ибратли ижодий ва меҳнат фаолияти, устоз адиб билан боғлиқ хотиралари ҳақида сўзлади. Адибнинг нафақат улуғ ижодкор, балки камтар, бағрикенг ва самимий инсон, устоз бўлганлигини таъкидлади.

Тадбирда Президентимиз ташаббуси билан кейинги йилларда мамлакатимизда таржимашунослик борасида эътиборга молик ишлар олиб борилаётганлиги, қатор ёзувчиларимизнинг асарлари инглиз ва бошқа халқлар тилларига таржима қилинганлиги, хусусан, Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси” романининг инглиз тилига ўгирилганлиги ҳам ана шу йўналишдаги ишлардан бири эканлиги қайд этилди.

Тақдимотда таржимон Абдулло Рўзиев китобнинг таржима жараёнлари, таржиманинг ўзига хос жиҳатлари, асарнинг бадиий руҳи ва тарихий муҳитни инглиз тилида имкон қадар тўлиқ акс эттириш билан боғлиқ масалалар ҳақида гапирди.

Тадбир давомида Одил Ёқубовнинг фарзандлари, яқинлари улуғ адибнинг ота сифатидаги фазилатлари, инсонийлиги, адабиётга бўлган фидойилиги хусусидаги фикрлари билан ўртоқлашди. Уларга ташриф учун миннатдорчилик билдирилиб, эсдалик совғалари топширилди.
“The Treasure of Ulugbek” номи билан чоп этилган ушбу китоб “Амазон” платформаси орқали дунё бўйлаб мухлисларни ўзига жалб этмоқда. Қолаверса, асар таржимаси ўзбек адабиётининг халқаро майдонда кенг тарғиб этиш йўлидаги муҳим қадамлардан бир бўлди.
Ф. Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари