Тиббиёт ходимлари “Заковат”да беллашди
Боёвут туманида тиббиёт ходимларининг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, уларнинг билим ва дунёқарашини бойитиш, жамоалар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида “Заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 20 январдаги “Заковат” интеллектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш доирасида Боёвут туман тиббиёт бирлашмаси ҳамда касаба уюшмаси ҳамкорлигида ўтказилди.


Ёшлар марказида ташкил этилган интеллектуал беллашувда туман тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги оилавий поликлиникалар ва оилавий шифокорлик пунктларидан жами 17 та жамоа иштирок этди. Икки босқичда ташкил этилган баҳсларда иштирокчилар 24 та мантиқий, таҳлилий ва қизиқарли савол орқали ўз билимлари, тезкор фикрлаш қобилияти ҳамда жамоавий ҳамжиҳатлигини намоён этдилар.


Қизғин ва муросасиз кечган интеллектуал баҳслар якунига кўра, 1-ўринни 9-сонли оилавий поликлиника тиббиёт ходимлари қўлга киритди. Бўстон оилавий шифокорлик пункти жамоаси 2-ўринга муносиб деб топилди. Озодлик оилавий шифокорлик пункти жамоаси эса 3-ўринни эгаллади.
Тадбир якунида ғолиб жамоалар ҳамда фаол иштирокчилар Боёвут туман тиббиёт бирлашмаси ва касаба уюшмаси томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди.


— Бундай интеллектуал беллашувлар тиббиёт ходимларининг касбий фаолияти билан бир қаторда уларнинг маънавий-маърифий салоҳиятини юксалтириш, китобхонлик маданиятини кенг тарғиб қилиш, мантиқий фикрлаш кўникмаларини мустаҳкамлаш ҳамда жамоада ўзаро ҳамжиҳатлик ва соғлом рақобат муҳитини қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этади,—дейди туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Худойберди Ғаниев.

Энг муҳими мазкур интеллектуал ўйин яна бир бор шифокор ва тиббиёт ходимлари нафақат ўз касбининг етук мутахассислари, балки юксак билим ва кенг дунёқараш эгалари эканини намоён этди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири