Учтепа туманида сунъий кўл барпо этилмоқда
Учтепа туманида 90 сотих майдонда янги сунъий кўл ва дам олиш маскани қурилиши бошланди.
Бу лойиҳа ҳудуд иқлимини яхшилаш, чанг миқдорини камайтириш ҳамда аҳоли учун мароқли ҳордиқ чиқариш имкониятларини яратишга қаратилган.

- Қўрғонтепа маҳалласи 340 ва 346- давлат мактабгача таълим ташкилоти орасида ушбу иншоот бунёд этилади, - дейди Учтепа тумани ҳокимлиги қурилиш бўлими бошлиғи Абдулла Ардиев.

– Кўлга сувни икки йўналишда олиб келиш режа қилинган. Биринчиси - кўчадаги ариқдан доимий келадиган сувни йўналтириш орқали, иккинчиси қудуқ қазиш орқали. Бу чўмилиш ҳудуди эмас, фақатгина иқлимимизни янада яхшилаш, чанг зарраларини камайтириш мақсад қилинган. Ушбу кўл ҳудудида 66 дона турли хилдаги манзарали дарахтлар мавжуд бўлиб, барчаси сақлаб қолинган холатда яна манзарали дарахт кўчатлари экилади. Ундан ташқари, бу ерда пиёдалар йўлаги, дам олиш ҳудуди, айвончали ўтириш ўриндиқлари бўлади. Лойиҳа 2 ойга мўлжалланди. Декабрь ойида якунлашни мўлжал қилганмиз.

- Бизга ўхшаган қариялар узоққа боролмайди. Мана шу ерда айланиб дам олиб кетамиз. Болаларимизга ҳам яхши, ўйнайдиган жойлар бўлар экан. Биз бундан жуда хурсандмиз, - дейди маҳалланинг кекса онахони Меҳринисо Тўхтамишева.

Бўлажак кўл 37 сотих майдонни эгаллайди, чуқурлиги эса 2 метрни ташкил этади. Уни дренаж қудуқлари ва табиий равишда оқиб келадиган ариқлар орқали сув билан тўлдириш режалаштирилган. Лойиҳани жорий йил охиригача якунлаш кўзда тутилган.
Санжар Тошпўлатов, ЎзА