Ўқитувчиларга ҳавас қиламан
Олти ёшларда эдим. Ҳали мактабга чиқмаган мурғак қалбимда ўқитувчи бўлиш орзуси бўларди.
Бу шунчаки болаларча ҳавас эмас, мен учун жиддий машғулот эди. Маҳалла болалари билан “аскар-аскар” ўйнардик, мен уларни сафга тизардим, шахдам қадам ташлаб саф юриш машқларини бажартирардим, боғча опамдан ўрганган ҳарфларни уларга ҳам ўргатган бўлардим. Гўё ўқитувчиману, муҳим масъулият елкамда эди. Дадамнинг хизмат жойида кўрганларим ҳам болалик тасаввурларимга таъсир қилган бўлса керак-да. Ҳатто уй деворига ҳарфлар ёзиб, хаёлий ўқувчиларимга сабоқ берган пайтларим бўлган. Мактабга боргач, ўқитувчиликка бўлган қизиқишим янада ортди. Устозимни яхши кўрардим, унинг ҳаракатларини кузатардим, ўзимни унинг ўрнида тасаввур қилардим. Ўқитувчи бўлиш мен учун шунчаки касб эмас, болаларни ўқитиш, уларга ниманидир ўргатиш, қалбга йўл топиш эди.
Аммо, болалик орзулари ҳамиша ҳаётнинг ҳақиқати билан бир хил бўлавермас экан. Синфимизда қирқ нафар ўқувчи бор эди. Ўқитувчимнинг қирқ ўқувчисию, қирқ ташвиши. Болаларнинг ҳар бирига сабоқ бериш, уларнинг саволларига жавоб топиш, хулқ-атворини кузатиш, билимдаги фарқни ҳисобга олиш буларнинг барчаси ўқитувчининг зиммасида эди. Бугун таълим сифати, индивидуал ёндашув ва ҳар бир боланинг қобилияти ҳақида гапирганда, ўша қирқ нафар ўқувчига бирдек эътибор бериш қанчалик қийин бўлганини эслайман. Унинг устига, сентябрь ойида бошланиши керак бўлган ўқув йили баъзан пахта терими сабабли издан чиқарди. Дарс ўрнига далага чиқишга тўғри келган кунлар бўларди. Ўқувчиларнинг вазифаси фақат билим олишдан иборат бўлмай, темир-терсак ҳам йиғардик. Гўё бу ишларни бажармасак, ўқитувчининг озгина маошидан ҳам ушлаб қолиниши мумкин эди. Дарсларда шу мавзу бот-бот айтилгани учун ҳам эсимда қолган. Болалигимизда бунинг сабабини тўлиқ англамаганмиз, аммо устознинг елкасида фақат дарс эмас, бизга бевосита алоқаси бўлмаган ташвишлар ҳам борлигини сезардик.
Энг оғири, назаримда, ўқитувчининг меҳнати билан унинг қадри ўртасидаги тафовут эди. У болага билим бериши, уни тарбиялаши, келажакка тайёрлаши керак эди аслида. Бироқ унинг вақти, куч-ғайрати ва имконияти кўпинча таълимга бевосита дахлдор бўлмаган юмушларга ҳам сарфланарди. Устознинг обрўси ҳақида гапирилар, аммо унинг меҳнат шароити, маоши ва касбий мустақиллиги ҳар доим ҳам шу эътирофга мос келавермасди.
Балки шу ва шу каби манзаралар болалик орзумга соя солгандир. Мен ўқитувчи бўлишни истардим, лекин ўқитувчининг ҳаётини кўриб, бу йўлдан қайтдим. Ўшанда бу қароримнинг сабабларини чуқур таҳлил қилмаганман. Фақат ич-ичимдан бу касбни танламасликка аҳд қилганман.
Олий таълимга киришни мақсад қилганимда, дадамнинг маслаҳатига қулоқ тутмаганим учун бугун афсусланаман. Дадам ўшанда “Қизим, бу соҳани қўй. Сенда педагогик маҳорат бор. Ўқитувчи бўл. Ҳали замонлар келади, таълим ўзгаради, ўқитувчилик касбига муносабат ўзгаради” дегандилар. Дадамнинг гапларида шунчаки тасалли эмас, келажакка ишонч бор эди. Аммо мен ўша пайтда бу ишончни қабул қилмадим. Таълим ўзгариши, ўқитувчининг меҳнатига муносабат бошқача бўлиши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин эди. Йиллар ўтди. Мен бошқа йўлни танладим.
Бугун Янги Ўзбекистон янгича қиёфада кўз олдимизда намоён бўлмоқда. Барча жабҳада, шу ўринда, таълим соҳасидаги ислоҳотларни кўриб, дадамнинг бундан анча йиллар аввал айтган гаплари тез-тез ёдимга тушади. Сўнгги йилларда мактабгача ва мактаб таълимини ривожлантириш, таълим муассасалари имкониятларини кенгайтириш, ўқитувчиларнинг меҳнатини рағбатлантириш ва касб нуфузини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳукумат қарорларига мувофиқ, ўқитувчиларга ижтимоий, молиявий ҳамда касбий йўналишларда қатор имтиёзлар ва қулайликлар тақдим этилмоқда. Жумладан, молиявий рағбатлантириш ва устамалар, ижтимоий ҳимоя ва уй-жой имтиёзлари, фарзандларининг шартнома тўловларида чегирма, оила аъзолари ва фарзандлари учун имтиёзлар, давлат хизматларига 50% чегирма, транспорт чипталарига чегирмалар, хорижда стажировка, ёш кадрларга автоматик тоифа берилиши белгиланган.
Албатта, таълимдаги ислоҳотларни фақат бино, жиҳоз ёки маош билан ўлчаб бўлмайди. Замонавий мактаб, яхши жиҳозланган синфхона ва муносиб иш ҳақи муҳим. Лекин уларнинг барчаси якуний мақсадга, сифатли таълимга хизмат қилиши керак. Бунинг учун ўқитувчи ўзини фақат вазифалар ижрочиси эмас, балки боланинг интеллектуал ва маънавий камолоти учун масъул мутахассис сифатида ҳис қилиши зарур. Унинг вақтини ортиқча юмушлар эмас, дарсга тайёргарлик, изланиш ва ўқувчи билан ишлаш тўлдириши лозим. Чунки боланинг келажакда қайси касбни танлашига баъзан бир устознинг муносабати, бир оғиз гапи ёки берган ишончи таъсир қилади.
Орадан бирмунча вақт ўтди. Мен эса дадамнинг нақадар ҳақ эканликларига гувоҳ бўлиб бормоқдаман: таълим ўзгармоқда. Энди энг муҳими ислоҳотлар ҳар бир мактабда, ҳар бир синфда ва ҳар бир ўқитувчининг ҳаётида сезилсин. Устознинг қадри баланд, меҳнати эъзозли, масъулияти эса зарур имкониятлар билан таъминланган бўлсин.
Мен ўша пайтда ўқитувчи бўлиш орзусидан қайтдим. Бугун эса бирор бола устозининг қадрсизланганини кўриб, ўз орзусидан воз кечмаслигини истайман. Чунки ўқитувчининг қадри юксалган жойда таълимнинг сифатига, боланинг келажагига ва жамиятнинг эртасига ишонч ортади.
Ҳа, дарвоқе, сўзим сўнггида ўқитувчилик касби нақадар азиз ва ҳурматга сазовор эканини яна бир бор таъкидлаб ўтмоқчиман. Халқимизда “Устоз отангдек улуғ” деган пурмаъно бир ҳикмат бор. Бу ҳикмат бизларга оталаримиз бизларнинг дунёга келишимизга сабабчи инсонимиз эканини уқтирса, устозларимиз ердан кўкка чиқишимизга, комил инсон бўлишимизга ундовчи улуғ зотлар эканини эслатиб туради.
Шоҳиста АБДУРАҲМОНОВА,
санъатшунос.
ЎзА