Учинчи босқичда 34 нафар педагог иштирок этмоқда
Қорақалпоғистон Республикасида “Йил ўқитувчиси” Республика танловининг учинчи босқич синовлари бўлиб ўтмоқда.
Унда танловнинг биринчи ва иккинчи босқичларида юқори натижаларни кўрсатиб, саралашдан муваффақиятли ўтган 34 нафар педагог иштирок этмоқда.
– Танловнинг учинчи босқичи юқори савияда ташкил этилган бўлиб, биз ўзимизнинг педагогик фаолиятимизни акс эттирувчи тақдимотимиз билан иштирок этмоқдамиз. Иштирокчилар учун барча техник ва ижтимоий имкониятлар яратиб берилган. Бунинг учун Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига ҳамда Педагогик маҳорат маркази жамоасига миннатдорлик билдирамиз, – дейди танловнинг учинчи босқичи иштирокчиси, Тўрткўл туманидаги 22-сонли умумий ўрта таълим мактабининг она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Муборак Шарипбаева.

– Танлов ташкилотчилари томонидан учинчи босқич жараёнлари иштирокчиларга батафсил тушунтирилди. Ҳакамларнинг бошқа вилоятлардан танлангани кўрик-танловнинг шаффофлигини таъминлайди. Барча иштирокчиларга омад тилайман, – дейди танлов иштирокчиси, Қўнғирот туманидаги 35-сонли умумий ўрта таълим мактабининг кимё фани ўқитувчиси Лиза Давленова.
“Йил ўқитувчиси” Республика танловининг учинчи босқич синовлари 30 июлгача давом этади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири