Уч масжид — уч эзгу қадам
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Жиззах вилоятида бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари изчил давом этмоқда. Хусусан, Шароф Рашидов туманидаги “Жиззахлик”, “Якка тут” ва “Ардахшон” масжидларининг янги бинолари қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Янги масжидларнинг барпо этилиши маҳаллий аҳоли учун яна бир муҳим қулайлик бўлди. Замонавий талаблар асосида қурилган биноларда намозхонлар учун кенг ва шинам намозхоналар, таҳоратхоналар, маъмурият хоналари ҳамда зарур ёрдамчи хоналар ташкил этилган. Хотин-қизлар учун алоҳида намозхона ва таҳоратхоналарнинг мавжудлиги ҳам аҳоли эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда шароитлар яратилганини кўрсатади.
Янги масжидларнинг очилиш маросимида вилоят ҳокимининг дин ва жамоат ташкилотлари билан ишлаш бўйича ўринбосари Саҳобиддин Болиев, вилоят бош имом-хатиби, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши ҳайъати аъзоси Меҳмонхон домла Жабборов, нуронийлар, маҳалла фаоллари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.


Тадбирларда мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, фуқароларнинг ибодатларини эмин-эркин адо этиши учун яратилаётган шароитлар, маҳаллаларда маънавий муҳитни янада мустаҳкамлашда масжидларнинг ўрни ҳақида сўз юритилди.
Бу эзгу ишларнинг аҳамиятини Мустақилликнинг 35 йиллигини муносиб нишонлашга қаратилган давлат сиёсати билан уйғун ҳолда баҳолаш мумкин. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 1 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида байрамни маҳалла, қишлоқ ва овулларгача қамраб олган ҳолда ўтказиш, маънавий-маърифий тадбирларни кенгайтириш ва жамиятда бирдамлик муҳитини мустаҳкамлаш вазифалари белгиланган.


Жиззахда барпо этилган учта янги масжид ҳам ана шу эзгу мақсадларнинг ҳаётдаги амалий ифодаларидан биридир. Зеро, масжид фақат ибодат адо этиладиган жой эмас, балки инсонларни эзгулик, поклик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликка чорлайдиган маънавий маскандир.


Меҳмонхон домла Жабборов тадбирда масжид бунёд этишнинг фазилати ҳақида сўз юритиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжид қурган кишига Аллоҳ таоло жаннатда уй бино қилиши ҳақидаги ҳадисларини келтирди.


Саховатли ҳомийлар кўмагида қад ростлаган ушбу уч маскан энди маҳалла ҳаётининг ажралмас қисмига айланади. Уларнинг файзи ибодат, маърифат ва эзгу амаллар билан янада зиёланиб, юртдошларимизнинг диний эҳтиёжларини таъминлаш баробарида, маҳаллалардаги маънавий-маърифий муҳитни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири