Уч авлод вакиллари ягона мақсад йўлида жам бўлди
Термиз шаҳридаги Ёшлар марказида нуронийлар, меҳнат ва ҳарбий фахрийлари, оталиққа олинган ёшлар, “Ватан таянчи” отряди аъзолари ҳамда ҳарбий хизматчилар иштирокида “Уч авлод учрашуви” бўлиб ўтди.
Унда “Нуроний” жамғармаси Республика Бошқаруви раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони, сенатор Содиқжон Турдиев сўнгги йилларда нуронийлар ва ёшларга қаратилаётган юксак эътибор ҳақида сўз юритди. Мамлакатимизни иқтисодий-ижтимоий юксалтириш ва инсон қадрини улуғлашга қаратилган ислоҳотларни изчил амалга оширишда ўзликни англаб, умуммиллий қадриятларни мустаҳкамлаш фақат давлат хизматчиларининг эмас, балки ёшу кексанинг муҳим вазифаларидан бири эканини таъкидлади. Ёшларни Ватанга садоқат, юртга муҳаббат миллий урф-одатларга ҳурмат руҳида тарбиялашда кекса авлод вакилларининг бой тажрибасидан оқилона фойдаланиш лозимлигини қайд этди.

Очиқ мулоқот шаклида ўтган учрашувда нуронийлар, ҳарбий фахрийлар оғир йиллардаги ёшлик даврларини хотирлаб, машаққатли турмуш ташвишларини ёдга олди. Олис ўлкаларда муддатли ҳарбий хизматни ўташ чоғида кўрган-кечирганларини, мослаштирилган биноларда таълим олган ва ҳаминқадар шароитларга эга идора, муассаса, корхоналарда меҳнат қилган даврларини эслаб, ўтган аср билан мустақиллик йилларидаги тинч, тўкин, фаровон ҳаётни қиёслади. Ҳаёт тажрибаларини сўзлаб берди.

Учрашувда ўрта ва ёш авлод вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
- Тадбир авлодлар ўртасидаги маънавий ворисийликни мустаҳкамлаб, ёшларнинг ҳаётий мақсадларини белгилашда фахрийлар тажрибасидан самарали фойдаланишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди, - дейди III даражали сержант Акбар Аҳмедов. - Ёшларнинг ватанпарварлик туйғусини янада кучайтириб, ҳарбий хизматнинг шарафли ва масъулиятли касб эканини англашида муҳим аҳамият касб этди. Уч авлод вакилларини бир майдонда жамлаб, бой тажриба, билим ва эзгу қадриятларни ёшлар онгу шуурига сингдиришда самарали мулоқот платформаси сифатида барчада унутилмас таассурот уйғотди.


Тадбир Термиз гарнизонига қарашли ҳарбий қисмда ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси, ҳарбий хизматчилар учун яратилган замонавий шарт-шароитларни кўздан кечириш билан давом этди. Муддатли ҳарбий хизматчиларнинг “Битта аскар — битта касб” тамойили асосида касб-ҳунар эгаллаши ва олий таълим муассасаларига тайёргарлик кўриш жараёнлари кўздан кечирилди. Аскарлар ва уларга таълим бераётган устозлар билан дилдан суҳбатлашди. Ёш ватан ҳимоячилари мамлакатимизда йигит-қизларга яратилаётган имкониятлар, ҳарбий соҳада юз бераётган беқиёс ўзгаришлар учун Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёвга миннатдорлик билдирди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири