“Турон йўлбарслари” Нукусда беллашди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Нукус шаҳридаги Шимоли-ғарбий ҳарбий округида Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Президент, ижод, спорт ва ихтисослаштирилган мактаблар ўқувчилари ўртасида “Турон йўлбарслари” ҳарбий спорт мусобақасининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.
Мусобақа Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардия томонидан мамлакатимизда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга оид ишлар самарадорлигини ошириш ва жадаллаштириш, бу борадаги таълим-тарбия ишларига мамлакатимиз ёшларини фаол жалб этиш, ёшлар онгига ватанпарварлик, мардлик туйғуларини сингдириш мақсадида ташкил этилди.
Жамоалар “Темур тузуклари билимдони”, “Камондан ўқ отиш”, “Қуролни тўлиқ бўлмаган қисмларга ажратиш ва йиғиш”, “Спорт милтиғидан ўқ отиш”, “Биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш” каби жами 9 та шарт бўйича ўзаро беллашиб, нечоғли эпчил, чаққон ва билимдон эканлигини кўрсатди.
Якуний натижаларга кўра, И. Юсупов номидаги ижод мактабининг “Лочинлар” жамоаси биринчи, Қораўзак туманидаги ихтисослаштирилган мактабининг “Tebrenbes” жамоаси иккинчи, Нукус шаҳридаги Президент мактабининг “Ватанпарвар” жамоаси учинчи ўринни эгаллади.
[gallery-21735]
Мусобақа ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА