Турон ҳарбий археологияси муаммолари муҳокама қилинди (+видео)
ФА Тарих институтида уюштирилган “Турон ҳарбий археологияси муаммолари” иккинчи эллараро илмий йиғини бу борада қўлга киритилган сўнгги илмий янгиликлар ва хулосалар муҳокамасига бағишланди.
Ўзбек ҳарбий санъати тараққиётини чуқур тадқиқ этишда ҳарбий археология муҳим илмий йўналишлардан бири ҳисобланади. У мудофаа иншоотлари, қалъа ва қўрғонлар, қурол-яроғ намуналари, ҳарбий анжомлар, истеҳкомлар ҳамда жанг майдонларига оид ашёларни ўрганиш орқали ёзма манбаларда акс этмаган ёки етарлича ёритилмаган ҳарбий жараёнларни тиклаш имконини беради.
Айниқса, археологик ашёларни ёзма манбалар билан қиёсий таҳлил қилиш орқали муҳим илмий хулосаларга эришиш мумкин. Шу жиҳатдан, ҳарбий археология ўзбек давлатчилигида қадимдан шаклланган ҳарб ишининг тизимли ривожланишини аниқлаш, миллий ҳарбий санъат тарихининг моддий асосларини илмий муомалага киритиш ва унинг давлатчилигимиз тараққиётидаги ўрнини белгилашда муҳим аҳамият касб этади. ФА Тарих институтида уюштирилган “Турон ҳарбий археологияси муаммолари” иккинчи эллараро илмий йиғини бу борада қўлга киритилган сўнгги илмий янгиликлар ва хулосалар муҳокамасига бағишланган. Ушбу тадбирда ўзбек олимлари билан бир қаторда Озарбайжон, Қозоғистон ва Тожикистон ва Россиядан ҳам етакчи мутахассислар иштирок этдилар.
“Турон ҳарбий археологияси муаммолари” иккинчи эллараро илмий йиғинида муҳокама қилинган масалалар, илгари сурилган янги ғоялар ва тақдим этилган тадқиқот натижалари Турон халқларининг ҳарбий тарихи ва ҳарбий археологиясини миллий ҳамда халқаро миқёсда ўрганишда янги илмий ёндашувларни шакллантиришга хизмат қилди. Йиғин биринчи эллараро илмий анжуманда бошланган илмий мулоқотни изчил давом эттириб, археологик, ёзма ва бошқа манбалар асосида қўлга киритилган янги маълумотларни илмий муомалага киритиш, уларни қиёсий таҳлил қилиш, тадқиқотчилар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда Турон ҳарбий археологияси бўйича тизимли тадқиқотларни ривожлантиришга хизмат қилди.
Муҳайё Турдалиева, Нишонбой Абдувоитов, ЎзА