ICAMNSM – 2026: материалшунослик ва барқарор энергетика соҳасидаги илмий изланишлар
Пойтахтимизда “Барқарор ривожланиш учун илғор материаллар, нанотехнологиялар ва қуёш материалшунослиги” (ICAMNSM – 2026) мавзусида халқаро илмий конференция ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Материалшунослик институти ҳамда Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда материалшунослик, нанотехнологиялар, қуёш энергетикаси ва водород технологиялари соҳаларидаги сўнгги илмий ютуқлар, истиқболли тадқиқотлар ҳамда уларнинг амалий аҳамияти муҳокама қилинди.
Бугунги кунда илғор функционал материалларни яратиш электроника, энергетика, металлургия, машинасозлик ва аэрокосмик саноат каби юқори технологияли тармоқларни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу боис материалшунослик соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотларни кенгайтириш, инновацион технологияларни ишлаб чиқиш, илмий натижаларни ишлаб чиқаришга жорий этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш долзарб вазифалардан ҳисобланади.
Конференциянинг биринчи куни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Президиуми биносида бўлиб ўтди. Унда энергетика ва электроника учун янги авлод материаллари, юқори энтропияли қотишмалар, композицион ва наноструктурали материаллар, икки ўлчамли материаллар, жумладан, графен ва MXene, шунингдек, нанокомпозитлар ҳамда функционал қопламаларга оид илмий изланишлар муҳокама қилинди.
Мазкур тадқиқотлар янги хусусиятларга эга материалларни яратиш, уларнинг қўлланиш имкониятларини кенгайтириш ва юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун мустаҳкам илмий асос яратишга қаратилгани таъкидланди.
Анжуман ўз ишини Тошкент вилояти Паркент туманидаги Материалшунослик институтининг Катта қуёш қурилмаси базасида давом эттирди.
Иккинчи кун дастуридан “Истиқболли материалларни олиш ва қайта ишлаш учун концентрланган қуёш энергияси ва қуёш печлари” мавзусидаги махсус ялпи мажлис ўрин олди. “Азимов ўқишлари” доирасида ташкил этилган ушбу мажлисда концентрланган қуёш энергиясидан юқори ҳароратли технологик жараёнларда фойдаланиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, қуёш энергетикаси учун янги материаллар яратиш, кам углеродли технологияларни ривожлантириш, концентрланган қуёш нурланиши таъсирида материалларнинг хусусиятларини тадқиқ этиш, қуёш-термик усуллар ёрдамида уларни олиш, эритиш, синтез қилиш ва модификациялашга доир илмий ишланмалар тақдим этилди.
“Барқарор энергетика ва водород технологиялари учун материаллар” мавзусидаги ялпи мажлисда эса водород ишлаб чиқариш, уни сақлаш ва ташиш, юқори самарали электрокатализаторлар, ёқилғи элементлари ҳамда янги авлод аккумуляторларини яратиш бўйича олиб борилаётган тадқиқотлар кўриб чиқилди.
Мутахассислар томонидан энергия ишлаб чиқариш ва сақлаш самарадорлигини ошириш, ресурслар сарфини камайтириш, саноатда углерод чиқиндиларини қисқартиришга хизмат қилувчи материаллар ва технологияларни ишлаб чиқишнинг аҳамияти қайд этилди.
Анжуманда фундаментал тадқиқотлар натижаларини амалий ишланмалар ва саноат технологиялари билан уйғунлаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, халқаро тадқиқот жамоаларини шакллантириш, ёш олимлар ва мутахассисларнинг илмий салоҳиятини ошириш, илмий муассасалар ҳамда саноат корхоналари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, материалшунослик соҳасини ривожлантириш мамлакатимиз иқтисодиётини технологик модернизация қилиш, маҳаллий хомашё ресурсларидан самарали фойдаланиш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда миллий саноатнинг рақобатбардошлигини оширишда муҳим ўрин тутади.
[gallery-32244]
Халқаро конференция маҳаллий ва хорижий олимлар ўртасида илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илғор тажриба ва инновацион ишланмалар алмашинувини кенгайтириш, истиқболли қўшма лойиҳаларга замин яратиш учун муҳим мулоқот майдони бўлди.
Анжуман доирасида билдирилган таклиф ва ташаббуслар мамлакатимизда материалшунослик соҳасини 2035 йилгача ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш, илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш ва халқаро илмий-технологик ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Камола ЮСУПОВА,
Аслиддин АЛИЖОНОВ (сурат), ЎзА