Туркия билан анъанавий ҳунармандчилик соҳасида ҳамкорлик қилинади
Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси раиси бошчилигидаги делегациянинг Туркияга амалий ташрифи Анқара шаҳрида давом этмоқда.
Ташриф дастури доирасида делегация аъзолари Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги ҳузуридаги Тирик мерос ва маданий тадбирлар бош бошқармаси Бош директор ўринбосари, доктор Серкан Эмир Эркмен билан учрашдилар.
Учрашувда Ўзбекистон ва Туркия ўртасида маданият, миллий ҳунармандчилик ва анъанавий касбларни ривожлантириш борасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Мулоқот давомида маданият ва анъанавий ҳунармандчилик соҳаларида Ўзбекистон — Туркия ҳамкорлигини янада ривожлантириш, тажриба алмашиш ва ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, анъанавий ҳунармандчилик, жумладан, халқларнинг тарихий хотираси, миллий қадриятлари ва авлодлардан авлодларга ўтиб келаётган бой маданий меросининг муҳим қисмидир. Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, миллий ҳунармандчиликни асраш ва ривожлантириш борасидаги ҳамкорлик янги босқичда давом этмоқда.
Шунингдек, делегация аъзолари Анқара Камолот институти фаолияти билан танишди.Ташриф давомида делегация аъзолари институтнинг анъанавий соф матосини тўқиш устахонасини кўздан кечиришди.

Шу билан бирга, институт музейига ташриф буюрилиб, унда сақланаётган миллий ҳунармандчилик намуналари ва маданий мерос билан боғлиқ экспонатлар билан танишилди.
Учрашув ва ташрифлар давомида анъанавий ҳунармандчилик сирларини асраб-авайлаш, уларни келажак авлодларга етказиш ҳамда тажриба алмашишнинг аҳамияти қайд этилди.

Мутахассисларнинг қайд этишича, бу каби ташрифлар Ўзбекистон ва Туркия ўртасида анъанавий ҳунармандчилик соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА