Туркия 2040 йилгача энергетика соҳасига 200 миллиард доллар сарфлайди
Туркия 2040 йилгача бўлган узоқ муддатли энергетика стратегиясини эълон қилди. Ҳужжатда электр энергияси соҳасига 200 миллиард доллардан зиёд сармоя киритилиши кўзда тутилган. Бу ҳақда мамлакат энергетика вазири Алпарслон Байроқдор баёнот берган.
Режага кўра, амалдаги энергия қуввати ҳозирги 123 дан 281 ГВтга, қайта тикланадиган энергия манбалари улуши 63 фоиздан 77 фоизга етказилиши кутиляпти. Қуёш ва шамол қувватини 175 ГВтга кўтариш режалаштирилган.
Шунингдек, денгиз шамол энергиясини ривожлантириш нияти ҳам жиддий. Бундай лойиҳалар учун биринчи тендер 2027 йил апрель ойида ўтказилади.
Атом энергияси алоҳида эътибор марказида. 2040 йилга келиб мавжуд қувват 10 ГВт, электр энергияси ишлаб чиқаришдаги улуш 11 фоизга чиқади. Ҳозир қурилаётган “Аккую” атом электр станциясидан ташқари Анқара кейинги йил Синоп ва Фракияда яна икки АЭС барпо этиш бўйича қарор қабул қилиши мумкин.
Стратегия энергия импортига боғлиқликни камайтириш мақсадига ҳам йўналтирилган. “Reuters” агентлиги маълумотига кўра, сўнгги йилларда Туркия ёнилғи импортига йилига ўртача 65-70 миллиард доллар сарфлаяпти.
С.Раҳимов, ЎзА