Ахборот ҳамкорларимиз нигоҳида – Янги Ўзбекистон
Мазкур рукнда ЎзАнинг хорижий ҳамкорлари саҳифаларида эълон қилинаётган Янги Ўзбекистонга оид хабар, кузатув ва баҳолар бериб борилади. Уларда мамлакатимизнинг маданий меросни асраш, хорижий инвестицияларни жалб этиш, давлат бошқарувини такомиллаштириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва илм-фан соҳасидаги халқаро ҳамкорлиги акс этади.
APP: ЮНЕСКО Ўзбекистон ташаббусини бир овоздан маъқуллади

Покистоннинг “Associated Press of Pakistan” агентлиги ЮНЕСКО Ижроия кенгаши Ўзбекистон томонидан илгари сурилган маданий меросни глобаллашув ва иқлим ўзгариши шароитида асраш самарадорлигини оширишга қаратилган қарор лойиҳасини бир овоздан маъқуллагани ҳақида хабар берди.
Мазкур ташаббус Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ўтган йилнинг 30 октябрь куни Самарқандда ўтган ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг очилишида баён этилган эди. Қабул қилинган ҳужжат маданий мерос объектларини иқлим ўзгариши, табиий офатлар, жадал урбанизация ва ижтимоий-иқтисодий трансформациялар таъсиридан ҳимоя қилиш бўйича халқаро ҳамкорликни кучайтиришни назарда тутади.
Қарор доирасида, шунингдек, 2027 йилда Хива шаҳрида ЮНЕСКО билан ҳамкорликда маданий меросни асраш масалаларига бағишланган халқаро симпозиум ўтказиш таклифи ҳам маъқулланган. Ўзбекистоннинг ушбу ташаббусини ташкилотга аъзо 54 та давлат тўлиқ қўллаб-қувватлаган.
“Анадолу”: Ўзбекистон Марказий Осиёдаги инвестиция ва ишлаб чиқариш марказига айланиши мумкин

Туркиянинг “Анадолу” агентлиги OYAK инвестиция гуруҳининг Ўзбекистондаги лойиҳаси орқали Марказий Осиё бозорида минтақавий етакчиликка эришиш режалари ҳақида мақола эълон қилди.
Унда Тошкентдаги Ўзбекистон – Туркия саноат зонасида 100 гектар майдонда “Hektas Asia LLC” корхонасини ишга тушириш режалаштирилаётгани қайд этилган. 2027 йилда фаолиятини бошлаши мўлжалланган корхонада юқори технологияли агрокимё ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ишлаб чиқарилади. Лойиҳа Туркия, Ўзбекистон ва Ўмон сармоясини бирлаштириши билан ҳам аҳамиятли.
OYAK бош директори Мурат Ялчинташнинг таъкидлашича, корхона маҳаллий ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш, минтақавий озиқ-овқат таъминоти хавфсизлигига ҳисса қўшиш ва Ўзбекистоннинг Марказий Осиё бозорларига экспорт маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
“Азертаж”: Давлат идоралари жамият ва атроф-муҳит олдида ҳам масъулдир

Озарбайжоннинг “Азертаж” ахборот агентлиги Ўзбекистон адлия вазири ўринбосари Нўъмон Муҳаммадиевнинг давлат бошқарувида жамоатчилик манфаати ва экологик масъулият масалаcига оид фикрларини эълон қилди.
Унинг таъкидлашича, замонавий давлат идоралари нафақат сифатли хизмат кўрсатиши, балки жамият ва атроф-муҳит олдида ҳам масъулиятни ҳис қилиши керак. Давлат бошқарувининг асосий мезони тайёрланган ҳужжатлар сони эмас, балки бюрократик тўсиқларни камайтириш ва давлат билан фуқаро ўртасида ишончли муносабатларни шакллантиришдан иборат.
“ANSA”: Италия ва Ўзбекистон сув ресурслари бўйича илмий ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Италиянинг “ANSA” ахборот агентлиги Падуа университети делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи ва сув ресурслари, иқлим ўзгариши ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги илмий ҳамкорлик истиқболлари ҳақида мақола эълон қилди.
Ташриф доирасида Италиянинг Падуа университети ҳамда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари миллий тадқиқот университети вакиллари ўртасида учрашувлар бўлиб ўтди. Музокараларда қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш, таълим ва академик алмашинувни ривожлантириш, шунингдек, сув танқислиги, тупроқ емирилиши ва иқлим муаммоларига қарши биргаликда курашиш масалалари атрофлича муҳокама қилинган.
БТА: Ўзбекистонлик талабалар Москвадаги халқаро космик ўйинларда иштирок этди

Болгариянинг БТА ахборот агентлиги ўзбекистонлик талабалар Москвада илк бор ўтказилган “ORBIT 2026” халқаро космик ўйинларида илмий-инженерлик лойиҳасини тақдим этгани ҳақида хабар берди.
Москвадаги “Сколково” инновация марказида ўтказилган тадбирда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг “TIIAME ORBIT” жамоаси қатнашган. Ёш тадқиқотчилар космик биология ва муҳандислик йўналишларидаги ишланмаларини намойиш этган.
Мусобақалар давомида иштирокчилар тирик организмларнинг экстремал шароитга мослашувини ўрганиш, автоном ҳаётни таъминлаш тизимлари ва Марсга шартли экспедицияни муҳандислик жиҳатидан таъминлашга оид вазифаларни бажарган.
Дилшод ҲАКИМОВ,
ЎзА