Туркий дунё шаҳарсозлик қурултойи қатнашчилари Бухорода
Самарқандда ўтказилган “Туркий дунё шаҳарсозлик қурултойи” қатнашчилари кўҳна Бухорода бўлди. Меҳмонлар Бухоронинг диққатга сазовор жойлари билан яқиндан танишиш жараёнида ҳудудда амалга оширилган қурилиш-бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди.
Бухоро вилоят ҳокими Ботир Зарипов иштирокида ташкил этилган учрашувда Туркиянинг салоҳиятли компаниялари ва тегишли давлат ташкилотлари ўртасида шаҳарсозлик соҳасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

“Туркий дунё муҳандислар ва архитекторлар иттифоқи” вакиллари самимий қабул учун ўз миннатдорликларини билдириб, Бухородан олган илиқ таассуротлари билан ўртоқлашди.
Мулоқотда Бухорода келгусида амалга оширилиши кўзда тутилган йирик бунёдкорлик лойиҳалари тақдимот қилинди. Турк ишбилармонлари тақдим этилган лойиҳаларни юқори баҳолаган ҳолда уларни муваффақиятли амалга оширишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдирди. Ҳар бир лойиҳа бўйича ҳамкорликда иш ташкил этишга келишиб олинди.

Маълумот учун, “Туркий дунё муҳандислар ва архитекторлар иттифоқи” 2022 йилда Анқарада нодавлат-нотижорат ташкилот сифатида таъсис этилган. Унинг асосий мақсади –“Тилда, фикрда ва ишда бирлик” шиори асосида туркий дунёдаги тарихий меросни қайта тиклашга ресурслар жалб қилишдан иборат. Шунингдек, иттифоқнинг асосий ҳамкорлари туркий давлатлар ташкилотлари ҳисобланади.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири