Туркистон вилояти делегацияси Тошкент вилоятида
Қозоғистон Республикасининг Туркистон вилояти ҳокими Нуралхон Қушеров бошчилигидаги нуфузли делегация Тошкент вилоятига ташриф буюрди. Делегация аъзолари “Навоий” чегара-божхона постида тантанали равишда кутиб олинди.
Меҳмонларни Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Отабек Турсунов, Тошкент тумани ҳокими Сардор Эргашев ҳамда тегишли мутасаддилар дўстона қарши олди. Таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари янги босқичга кўтарилиб, барча соҳалардаги ҳамкорлик изчил ривожланмоқда.

Айниқса, икки давлат раҳбарларининг очиқ ва ишончли мулоқотга асосланган яқин қўшничилик сиёсати ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш, савдо-иқтисодий муносабатларни мустаҳкамлаш ҳамда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун мустаҳкам замин яратмоқда.

Туркистон вилояти делегацияси таркибидан ҳудуднинг нуфузли мулозимлари, хусусан, қатор туман ҳокимлари, соҳавий бошқармалар раҳбарлари, махсус иқтисодий зона ва туризм соҳаси масъуллари ўрин олган. Шунингдек, ташрифда Қозоғистоннинг қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, тўқимачилик, мебелсозлик, машинасозлик, қурилиш материаллари, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларида фаолият юритувчи кўплаб тадбиркорлар ҳам иштирок этмоқда.
Режага кўра, икки кунлик хизмат сафари доирасида икки ҳудуднинг иқтисодий ва инвестициявий салоҳиятини янада яқинлаштириш, янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, тадбиркорлик субъектлари ўртасида тўғридан тўғри алоқаларни кучайтиришга қаратилган йирик бизнес анжуман ўтказилади.
Шу билан бирга, меҳмонлар Тошкент вилоятининг қатор шаҳар ва туманларида бўлиб, саноат корхоналари ва бошқа кўплаб объектлар ҳамда инфратузилма лойиҳалари билан танишади.
А. Мусаев, ЎзА