Тунис ва Ливия ҳамкорлиги муҳокама қилинди
Тунис ва Ливия ички ишлар вазирлари Холид Ан-Нурий ва Имод Мустафо Ат-Трабулсий Триполида бўлиб ўтган учрашувда икки мамлакат хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлигини кучайтириш, чегара орқали йўловчилар ҳаракатини енгиллаштириш масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар.
Тунис ИИВ баёнотига кўра, томонлар хавфсизлик тизимлари ўртасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш, мавжуд мувофиқлаштириш механизмларини мустаҳкамлашга тайёрликларини билдирган. Бу ҳақда “Anadolu” хабар берди.
Шунингдек, мулоқот чоғида фуқаролар чегарадан эркин ва қулай ўтишини таъминлаш асосий мавзулардан бири бўлди.
Мазкур учрашув Тунис Президенти Қоис Саид ва Ливия Президентлик кенгаши раҳбари Муҳаммад Ал-Манфий ўртасида сентябрь ойи бошида бўлиб ўтган телефон мулоқотининг мантиқий давомидир. Ўшанда ҳам ўзаро борди-келди ва товар айланмасини соддалаштириш зарурлиги таъкидланган эди.
Тунис ва Ливияни 500 километрга яқин умумий қуруқлик чегараси боғлаб туради. Ўзаро асосий қатнов Рас-Жадир ҳамда Заҳиба Возин ўтказиш манзили орқали амалга оширилади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА