Трансёғлар – соғлиқ учун яширин хавф: жамиятни ташвишга солаётган муаммо таҳлили
Тиббий маданият
Сўнгги йилларда жаҳон тиббиёт ҳамжамияти ва етакчи олимлар инсоният соғлиғига жиддий таҳдид солаётган яна бир “кўринмас душман” – трансёғлар ҳақида бонг урмоқда. Ривожланган давлатлар бу моддани озиқ-овқат саноатида қўллашни қатъиян тақиқлай бошлади ёки кескин чеклади. Замонавий озиқ-овқат бозоридаги рақобат ва истеъмол маданиятининг ўзгариши фонида трансёғларнинг инсон организмига кўрсатадиган салбий таъсири бугунги куннинг энг долзарб тиббий-ижтимоий муаммоларидан бирига айланди.
Трансёғлар ўзи нима ва улар қаердан пайдо бўлади деган саволга илмий нуқтаи назардан қарасак, улар суюқ ўсимлик мойларини сунъий равишда қайта ишлаб, қаттиқ ёғ ҳолатига келтириш жараёнида, яъни гидрогенизация натижасида ҳосил бўладиган сунъий бирикмалар эканини кўрамиз. Уларнинг келиб чиқиши асосан икки хилга бўлинади. Биринчиси саноат трансёғлари бўлиб, ўсимлик мойларини водород билан тўйинтириш орқали олинади ва бу маҳсулотларнинг сақлаш муддатини чўзади ҳамда истеъмол қилинганда ёқимли таъм беради. Иккинчиси эса табиий трансёғлар бўлиб, айрим қорамол ва қўй гўшти ҳамда сут маҳсулотларида жуда кам миқдорда учрайди, лекин уларнинг миқдори оз бўлгани сабабли саноатники каби кескин салбий таъсир кўрсатмайди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва етакчи тиббий марказларнинг тадқиқотлари шуни кўрсатадики, сунъий транс ёғларнинг инсон организмига ҳеч қандай физиологик фойдаси йўқ ва улар фақатгина вайронкор таъсир кўрсатади. Организмга зарарли таъсирлари жуда кенг қамровли бўлиб, биринчи навбатда қондаги ёмон холестерин миқдорини кескин кўтариб, яхши холестеринни пасайтиради ва томирларда тромблар ҳосил бўлишига олиб келади. Шунингдек, улар организмда сурункали яллиғланишларни келтириб чиқариб, иммунитет тизимини заифлаштиради. Ҳужайраларнинг нормал ишлашига тўсқинлик қилиб, моддалар алмашинуви ва гормонал фонни издан чиқаради. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, ҳар йиллик сурункали касалликлардан ўлим ҳолатларининг сезиларли қисми айнан трансёғларнинг ҳаддан ташқари истеъмоли билан бевосита боғлиқ.
– Саноат трансёғларини мунтазам ва ортиқча истеъмол қилиш ўта хавфли касалликларни келтириб чиқаради. Хусусан, юрак-қон томир касалликлари каби инфаркт, инсульт ва атеросклероз хавфини бир неча баробар ошириб, томирлар эластиклигини йўқотишига олиб келади, – дейди эндокринолог Бекзод Одилов. — Шу билан бирга, улар организмнинг инсулинга бўлган сезгирлигини пасайтириб, иккинчи турдаги қандли диабет хавфини юзага келтиради. Қорин соҳасида висцерал ёғ тўпланишига сабаб бўлиб, ортиқча вазн ва семириш ҳамда метаболик синдромга олиб келади. Шу билан бирга, инсоннинг ҳимоя тизимини издан чиқариб, бош мия фаолиятининг сусайишига ва хотира пасайишига ҳам сабаб бўлади.
Шифокорнинг тушунтиришича, бу хавфли моддалар кундалик ҳаётимизда жуда кўп маҳсулотларда яширинган бўлади. Кўпчилик истеъмолчилар бу модда қаерда борлигини билмайди. Трансёғлар асосан бир ўсимлик мойи қайта-қайта қизитилиб ишлатиладиган фаст-фуд ва фритюрда тайёрланадиган таомларда, маргарин ва арзон кондитер ёғларида кўп учрайди. Шунингдек, печенье, вафли, торт ва пирожнийларнинг кремлари каби қандолат маҳсулотларида, музлатилган котлетлар, пиццалар ва хамир маҳсулотлари каби ярим тайёр маҳсулотларда ҳамда қадоқланган снеклар ва қуруқ газакларда ҳам кенг тарқалган.
Халқаро тажрибага назар ташласак, дунё жамоатчилиги бу муаммога қарши кескин чоралар кўраётганини кўрамиз. Масалан, Дания дунёда биринчи бўлиб саноат трансёғларидан фойдаланишни қонунан тақиқлаган ва шу орқали юрак-қон томир касалликларидан ўлим кўрсаткичларини сезиларли даражада камайтиришга эришган. АҚШ ва Европа Иттифоқи мамлакатларида озиқ-овқат маҳсулотларидаги сунъий трансёғлар миқдори қатъий меъёрлаштирилган ёки уларни ишлаб чиқаришдан босқичма-босқич чиқариб юборилган. ЖССТнинг махсус дастурлари орқали эса дунё бўйлаб саноат трансёғларини умумий озиқ-овқат занжиридан батамом чиқариб ташлаш бўйича кенг кўламли чоралар кўрилмоқда.
Бу каби хавфларнинг олдини олиш учун аслида қандай ёғни истеъмол қилиш керак, деган савол туғилиши табиий.
– Инсон организми нормал ишлаши учун ёғлар сувдек зарур, бироқ гап қайси турдаги ва қанча миқдордаги ёғни истеъмол қилишда, – дейди Б.Одилов. – Соғлом ёғларни танлашга эътибор қаратиш керак, уларга зайтун мойи, бодом, авокадо каби монотўйинмаган ёғлар ҳамда денгиз балиқлари, ёнғоқлар, зиғир уруғи ва кунгабоқар мойи каби политўйинмаган ёғлар киради. Улар юрак ҳамда мия саломатлиги учун ғоят фойдалидир. Мўътадилликка риоя қилган ҳолда сифатли табиий сариёғ ёки тоза ҳайвон ёғларини чекланган миқдорда истеъмол қилиш мумкин. Аммо гидрогенизация қилинган маргаринлар, фаст-фудлар ва таркибида шундай ёғлар борлиги кўрсатилган барча маҳсулотлардан имкон қадар узоқ бўлиш лозим.
Хулоса қилиб айтганда, соғлом овқатланиш, дўкон расталаридан харид қилаётганда маҳсулотларнинг таркибига диққат билан эътибор бериш ва трансёғлар мавжуд озиқ-овқатларни имкон қадар чеклаш ҳар бир инсоннинг ўз саломатлиги учун қилган энг тўғри қадамидир. Зеро, тўғри овқатланиш – соғлом ва узоқ умр кўришнинг асосий гарови.
Моҳигул Қосимова, ЎзА