Пахта даласида янги техника синовдан ўтадими?
Пахта даласида ишни енгиллаштирадиган, маҳаллий шароитга мос ва самарадорлиги юқори техникаларни яратиш учун олимлар ва ишлаб чиқарувчилар ҳамкорлиги йўлга қўйилмоқда.
М.Т. Ўрозбоев номидаги Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институти ҳамда «Тошкент трактор заводи» МЧЖ ўртасида замонавий қишлоқ хўжалиги техникаларини яратиш ва маҳаллийлаштириш бўйича ўзаро англашув ва ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

Ҳужжат доирасида замонавий пахтачилик технологиялари, хусусан, қўшқатор усулида пахта етиштириш ва ҳосилни йиғиб-териб олиш учун маҳаллий шароитга мос техникалар яратиш кўзда тутилган.
Учрашувда институт директори, техника фанлари доктори, профессор Сабида Исмаилова, «Пахта териш машиналари» лабораторияси мудири Давронбек Қўлдошев ҳамда лаборатория бош илмий ходими, техника фанлари доктори, профессор Анвар Ризаев иштирок этди. Унда олимларнинг илмий ишланмаларини ишлаб чиқариш билан боғлаш, пахта териш машиналарининг конструкциясини такомиллаштириш ва уларни маҳаллийлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Бу ҳамкорликнинг моҳияти оддий: лабораторияда туғилган ғоя қоғозда қолиб кетмаслиги, тайёр техникага айланиб, далага чиқиши керак.
Яъни мақсад — илмий ғояни техник ечимга, техник ечимни эса реал ишлаб чиқаришга олиб бориш. Бу эса қишлоқ хўжалиги учун маҳаллий, замонавий ва рақобатбардош техникалар яратишда навбатдаги амалий қадам бўлади.
Нигора Раҳмонова, ЎзА