Транспорт соҳасида жиноятчиликка қарши кураш самарадорлиги таҳлил қилинди
Мамлакатимиз транспорт тизимида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, йўловчилар ва юк ташиш жараёнлари барқарорлиги ҳамда қонунийлигини кафолатлаш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар олдидаги устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Транспорт прокуратурасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Мувофиқлаштирувчи Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Транспорт прокуратураси, ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти, “Тошкент-Аэро” ИБК, Тошкент шаҳар ва вилоят божхона бошқармаси раҳбарлари ҳамда масъул ходимлар иштирок этди.
Йиғилишда ўтган йили ҳамда жорий йилнинг дастлабки 3 ойи давомида транспорт соҳасида жиноятчиликка қарши курашиш, суриштирув ва дастлабки тергов жараёнларининг самарадорлиги таҳлил қилинди, дейилади Давлат божхона қўмитаси маълумотида.
Шунингдек, жиноят ҳақидаги ариза ва хабарларни ўз вақтида рўйхатдан ўтказиш, қонуний тартибда кўриб чиқиш, ҳал этиш, жиноят ишларини тўхтатиш, фош этилмаган жиноятлар юзасидан тезкор-қидирув тадбирларини амалга оширишда қонун талабларига риоя этилиши масалалари муҳокама қилинди.
Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда соҳада йўл қўйилган айрим хато ва камчиликлар кўрсатиб ўтилди. Масъулларга қонунбузилишларнинг олдини олиш, профилактик тадбирларни кучайтириш, идоралараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш сифатини ошириш ҳамда транспорт инфратузилмасида хавфсизликни таъминлаш борасида аниқ вазифа ва топшириқлар берилди.
Йиғилиш якунида соҳада қонунийлик ва интизомни янада мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб олинди.
А.РУСТАМОВ, ЎзА