Аёллар ҳуқуқларини таъминлашнинг психологик жиҳатлари: Ҳуқуқий кафолат ва руҳий барқарорлик уйғунлиги
Ҳар қандай жамиятнинг тараққиёт даражаси унда инсон қадр-қиммати, тенглик ва адолат тамойиллари қай даражада таъминлангани билан белгиланади. Айниқса, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш масаласи бугунги кунда нафақат ҳуқуқий, балки ижтимоий, маънавий ва психологик аҳамиятга эга бўлган долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Зеро, аёл ҳуқуқларининг таъминланиши оила барқарорлиги, фарзанд тарбияси, жамиятдаги соғлом ижтимоий муҳит ва давлатнинг истиқболли ривожланиши билан бевосита боғлиқдир.
Ўзбекистонда сўнгги йилларда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни тазйиқ ва зўравонликдан асраш ҳамда ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган тизимли ислоҳотлар янги босқичга кўтарилди. Бироқ аёллар ҳуқуқларини таъминлаш масаласи фақат қонунларда ҳуқуқларни белгилаш билан чекланмайди. Уларнинг амалда тўлақонли рўёбга чиқиши учун аёлларнинг психологик хавфсизлиги, ўзини қадрлаш ҳисси, ҳуқуқий онги ва мустақил қарор қабул қилиш қобилияти муҳим аҳамият касб этади.
Тарихий нуқтаи назардан қараганда, аёллар ҳуқуқлари учун ҳаракат инсон қадр-қиммати ва адолат ғоялари билан чамбарчас боғлиқ ҳолда шаклланган. 1993 йилда Вена шаҳрида бўлиб ўтган Инсон ҳуқуқлари бўйича Жаҳон конференциясида инсоният тарихида илк бор аёллар ва қизларнинг ҳуқуқлари умуминсоний ҳуқуқларнинг ажралмас ва бўлинмас қисми экани эътироф этилди. Ўзбекистонда бу борадаги ислоҳотлар халқаро стандартлар билан бирга миллий қадриятлар ва тарихий меросга ҳам таянади. Халқимиз азалдан аёлни оила ва жамиятнинг маънавий таянчи сифатида эъзозлаб келган. Тўмарис, Бибихоним, Нодирабегим ва Зулфия каби сиймоларнинг ҳаёти аёл кишининг давлатчилик ва маънавият ривожида тутган ўрни беқиёс эканини яққол тасдиқлайди.
Миллий қонунчилигимизда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг комплекс тизими яратилди. 2019 йилда қабул қилинган “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун ҳамда 2026 йил 3 мартдаги Президент Фармони аёллар ва болалар ҳуқуқларини ишончли таъминлашда муҳим ҳуқуқий ҳужжатлар бўлди. Мазкур ҳужжатлар асосида “Аёллар дафтари”ни юритиш орқали хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий, психологик, тиббий ва моддий қўллаб-қувватлаш тизими йўлга қўйилди. Бу жараёнда прокуратура, ички ишлар ва адлия органлари жабрланган аёлларга ҳуқуқий маслаҳат бериш, ҳимоя ордери талаблари ижросини назорат қилиш ва уларнинг қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қилиш бўйича аниқ вазифаларни амалга оширмоқда.
Психологик жиҳатдан таҳлил қилинганда, тазйиқ ва зўравонликка учраган аёл учун нафақат жисмоний хавфсизлик, балки руҳий барқарорлик ва “эмоционал хавфсизлик” муҳити биринчи даражали аҳамиятга эга. Психологияда инсон ўзини эшитилган ва қадрланган муҳитда ҳис қилса, унда муаммони яширишга эмас, балки уни ҳал қилишга бўлган ички тайёргарлик кучаяди. Шу боис аёллар билан ишлашда инқироз психологияси ва реабилитация механизмлари ҳуқуқий ислоҳотларнинг амалий самарадорлигини оширади. Малакали психологик ёрдам аёлга қўрқув, уят ва айбдорлик ҳиссини енгишга, ўз шахсий қадрини қайта тиклашга кўмаклашади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, аёллар ҳуқуқлари тарихи фақат сиёсий ҳуқуқлар учун кураш эмас, балки аёлнинг шахс сифатида тан олиниши ва руҳий мустақиллиги тарихидир. Замонавий Ўзбекистонда аёл нафақат ҳимоя объекти, балки жамият тараққиётида фаол иштирок этадиган, мустақил қарор қабул қилувчи субъект сифатида кўрилмоқда. Ҳуқуқий кафолатлар ва психологик қўллаб-қувватлашнинг уйғунлиги эса хотин-қизларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши ва давлатимизнинг барқарор юксалишига хизмат қилади.
Дилноза БАРЛИБАЕВА,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Қонунчиликни таҳлил
қилиш ва тартибга солиш таъсирини баҳолаш институти ходими
ЎзА