Трамп Туркия ва Хитойга келадими?
АҚШ Президенти Дональд Трамп 2026 йил Туркия ва Хитойга келишини маълум қилди. Унинг айтишича, йил давомида халқаро учрашувлар фаол кечади, сентябрда эса Хитой Раиси Си Цзиньпиннинг АҚШга ташрифи кутиляпти.
АҚШ етакчиси жума куни Мэриленд штатидаги Эндрюс қўшма ҳарбий базасида чиқиш қилиб, жорий йил давомида қатор муҳим хорижий сафарлар режалаштирилганини айтди. Бу ҳақда “Reuters” хабар бермоқда. Давлат раҳбари яқинда Туркияга бориши ҳамда йил давомида яна бир бор Хитойга сафар қилишини таъкидлади. Ушбу баёнот Қатар томонидан совға қилинган, Президентнинг “Air Force One” авиация парки таркибига кириши кутилаётган “Boeing 747” самолётини оммага таништириш маросимида берилган. Президентнинг сўзларига кўра, шу йил сентябрь ойида Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин АҚШга боради. Сўнгра Трамп Хитойда бўлиб ўтадиган йирик халқаро конференцияда иштирок учун ушбу мамлакатга йўл олади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА