Глобал молия бозори ва сиёсий ўзгариш шарҳи
АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокарада кузатилган ижобий силжиш жаҳон молия бозоридаги кайфиятни яхшилади. Шу аснода нефть нархи тушиб, акция бозори ўсиши қайд этилди.
Уэйн Коул тақдим этган Европа ва жаҳон молия бозорининг бугунги ҳолати шарҳига кўра, Осиёда савдо анчайин беқарор, тебранувчан кечди. Бунга АҚШ ва Эрон ўртасидаги гоҳ тўхтаб, гоҳ қайта тикланаётган тинчлик музокарасида ижобий силжиш кузатилгани сабаб бўлди. Дастлаб Президент Дональд Трампнинг Эронга нисбатан янги ҳужум билан таҳдид қилиши ҳамда Теҳрон Ҳурмуз бўғози қайта ёпилганини эълон қилиши бутун жараённи хавф остига қўйган эди. Хайриятки, кейинчалик Эрон вакиллари дастлабки музокара самарали ўтганини маълум қилди. Ўмон ва Покистон расмийлари эса яқин 60 кун ичида якуний келишувга эришиш мақсадида махсус қўмита тузилаётганини билдирди.
Ҳурмуз бўғозидаги ҳозирги вазият тўлиқ аниқ эмас, чунки АҚШ Марказий қўмондонлиги шанба куни бўғоздан 55 кема ўтгани, жума куни бу кўрсаткич 32 тани ташкил этганини маълум қилган эса-да, умумий юк ташиш ҳажми барибир секинлашган. Шунингдек, Эрон ушбу стратегик сув йўлини назорат қилиш ва кемалардан маълум миқдорда бож ундириш бўйича янги тизим жорий этишни режалаштирмоқда.
Музокарадаги мана шу ижобий ўзгариш туфайли “Brent” нефти нархи 2.5 фоиз арзонлашиб, баррелига 79 доллардан пастлади, Осиё акция бозори эса юқорига қараб ҳаракатланди. “The Wall Street” фьючерси ва АҚШ ғазна облигацияси дастлабки йўқотишни қоплади, бироқ Федерал захира тизими томонидан фоиз ставкаси оширилиш хавфи ҳамон бозорга босим ўтказмоқда. Тахминга кўра, сентябрь ойида ставка 75 фоиз кўтарилади. Йил охиригача фоиз яна ошиши эҳтимоли эса 41 фоиз. Натижада 2 йиллик ғазна облигацияси даромадлилиги 2025 йил бошидан бери энг юқори кўрсаткич, яъни 4.2276 фоизга етди.
Шу билан бирга Дональд Трамп ижтимоий тармоқда Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер истеъфога чиқишини ёзиб, жиддий шов-шувга сабаб бўлди. Кўплаб ОАВ хабарига кўра, Стармер ўтган ҳафтадаги парламент сайловида ишончли ғалаба қозонган Энди Бернем фойдасига ўз лавозимини тарк этишини яқин орада эълон қилади. Агар шу хабар тасдиқланса, Бернем ҳукумат тепасига келади ва Вазирлар Маҳкамасини қайта шакллантиради. Жумладан, молия вазири Рэйчел Ривз ўрнига ҳам янги кадр тайинланиши кутиляпти. Облигация бозори эса Бернем қатъий молиявий сиёсат олиб боришига шубҳа билан қараб, унинг даврида давлат харажати ҳамда қарз ҳажми ортиб кетишидан хавотирда.
Бугун АҚШ Федерал захира тизими раҳбарияти аъзоси Кристофер Уоллернинг чиқиши, Европа Марказий Банки раҳбари Кристин Лагард ҳамда Европа Иттифоқи комиссари Валдис Домбровскиснинг нутқи, шунингдек июнь ойи учун ЕИдаги истеъмолчилар ишончи индекси эълон қилиниши молия бозорига таъсир қилиши мумкин бўлган асосий воқеалар сифатида баҳоланяпти.
Ф.Яхшибоева, ЎзА