Тошкентлик спортчиларга байрам туҳфалари топширилди
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллик шодиёналари остонасида Тошкент шаҳридаги спорт-таълим муассасалари шуғулланувчиларига замонавий спорт кийимлари, жиҳоз ва анжомлари топширилди.
Спорт вазирлиги томонидан Тошкент шаҳридаги спорт мактаблари ҳамда ихтисослаштирилган спорт мактабларига 9 турдаги қарийб 1 минг 300 дона спорт жиҳозлари ва анжомлари, шунингдек, 5 минг дона спорт кийимлари етказиб берилди.

Тошкент шаҳар спорт бошқармаси масъуллари иштирокида ўтказилган спорт жиҳозлари ва анжомларини топшириш маросимида юртимизда замонавий спорт мажмуалари сони йилдан йилга ортаётгани, машғулотларни ташкил этиш учун зарур шарт-шароитлар яратилаётгани маҳоратли спортчилар сони ортиб бораётгани эътироф этилди.

Кўтаринки руҳда ўтган тадбир жараёнида спортчилар учун мўлжалланган замонавий жиҳозлар, анжомлар ва спорт кийимлари махсус транспорт воситаларида спорт-таълим муассасалари сари йўл олди.

Ушбу эзгу ташаббус ёш спортчиларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг машғулотлари учун янада қулай шароит яратиш орқали янги муваффақиятлар сари ишончли ва дадил қадам ташлашига мустаҳкам замин яратилаётганидан далолат, дейиш мумкин.
Т.Рўзиев,
ЎзА