Тошкентда замонавий саноат технологиялари намойиши бошланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Пойтахтимизда 20–22 апрель кунлари олтинчи бор ўтказилаётган «ИННОПРОМ. Марказий Осиё» халқаро саноат кўргазмаси ўз ишини бошлади.
Ҳудуднинг нуфузли саноат майдонларидан бири сифатида эътироф этилаётган мазкур йирик тадбирда Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Беларусь, Туркия, Хитой ҳамда бошқа давлатлардан давлат идоралари вакиллари, инвесторлар, йирик ишлаб чиқарувчи компаниялар раҳбарлари ва мутахассислар иштирок этмоқда.
[gallery-28848]
Жорий йилги кўргазма саноатнинг турли тармоқлари учун мўлжалланган замонавий технология ва инновацион ишланмаларнинг кенг қамрови билан ажралиб туради. Унда шаҳар муҳити ва транспорт тизимларини ривожлантиришга қаратилган ечимлардан тортиб, юқори технологик саноат ускуналари, ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш ҳамда рақамлаштиришга оид илғор ишланмалар намойиш этилмоқда.
Хусусан, ташриф буюрувчилар муҳандислик инфратузилмасини назорат қилишнинг интеллектуал тизимлари, замонавий автомобиллар, вертолётлар ва тезюрар поездлар моделлари, учувчисиз учиш аппаратлари, сунъий интеллект технологиялари асосида ишловчи таълим дронлари, саноатда қўлланиладиган роботлаштирилган техникалар, ишлаб чиқариш линиялари учун машинавий кўриш тизимига асосланган рақамли платформалар, биноларни автоном энергия билан таъминлаш ечимлари ва бошқа кўплаб инновацион маҳсулотлар билан танишиш имкониятига эга бўлмоқда.
Мазкур кўргазма саноат кооперациясини кенгайтириш, инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда замонавий технологияларни жорий этиш борасида ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш учун муҳим мулоқот майдони вазифасини ўтамоқда.
Сарвар ЎРМОНОВ(сурат),ЎзА