Тошкентда янги пуллик магистрал йўл қурилиши мумкин
Тошкент шаҳрида транспорт оқимини самарали бошқариш, тирбандликларни камайтириш ва замонавий йўл инфратузилмасини шакллантириш мақсадида янги пуллик автомобиль йўлларини қуриш бўйича йирик лойиҳалар муҳокама қилинмоқда.
Мазкур масала Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов бошчилигидаги делегация ҳамда “China Railway Construction” раҳбарияти ўртасида бўлиб ўтган учрашувда кўтарилди.
Музокаралар чоғида умумий узунлиги қарийб 100 километрни ташкил этадиган ҳалқа шаклидаги пуллик автомобиль йўлини қуриш лойиҳаси кўриб чиқилди. Мутахассисларнинг фикрича, ушбу магистрал пойтахтдаги транспорт оқимини қайта тақсимлаш, марказий кўчалардаги юкламани камайтириш ва тирбандлик муаммосини енгиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, келгусида қурилиши режалаштирилаётган янги халқаро аэропорт йўналиши бўйича шаҳар марказидан ўтувчи замонавий магистрал пуллик йўл қуриш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди. Лойиҳа амалга оширилса, аэропортга бориш вақти қисқариши ва транспорт ҳаракати анча қулайлашиши кутилмоқда.

Учрашувда транспорт соҳасидан ташқари пойтахтни комплекс реновация қилиш, инфратузилмани модернизациялаш ҳамда шаҳарсозлик соҳасига илғор технологияларни жорий этиш масалаларига ҳам алоҳида урғу берилди.
Шавкат Умурзоқов компанияга реновация ҳудудларида иштирок этиш, экологик талабларга жавоб берадиган қурилиш ишларини амалга ошириш, шунингдек, қурилиш ва маиший чиқиндиларни қайта ишлашга ихтисослашган замонавий полигон ташкил этиш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф қилди.
Музокараларда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, замонавий мактаблар, болалар боғчалари, тиббиёт муассасалари ҳамда бошқа ижтимоий аҳамиятга эга объектларни қуриш бўйича ҳамкорлик йўналишлари кўриб чиқилди.
Қайд этиш жоиз, Ўзбекистондаги илк пуллик автомагистрал — Урганч–Хива йўналишидаги 35 километрли автомобиль йўли қурилиши жорий йилнинг 24 февраль куни расман бошланган эди. Қиймати 120 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳа мамлакат транспорт инфратузилмасини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.
Шу билан бирга, Тошкент –Андижон йўналишида қурилиши режалаштирилган янги пуллик автомобиль йўли ҳам мамлакатдаги энг йирик транспорт лойиҳаларидан бири сифатида эътироф этилмоқда. Узунлиги 314 километр бўлган мазкур автомагистрал орқали ҳайдовчилар 150 км/соат тезликда ҳаракатланиши мумкин бўлади. Натижада икки ҳудуд орасидаги масофани тахминан 2 соат 14 дақиқада босиб ўтиш имконияти яратилади.
Автомобиль йўллари қўмитаси ҳуқуқий маслаҳатчиси Ҳасан Умаровнинг маълум қилишича, пуллик йўлда 200 километр масофани босиб ўтиш тахминан 100 минг сўм атрофида бўлиши мумкин.
Қайд этилишича, бундай замонавий магистраллар нафақат транспорт ҳаракатини енгиллаштиради, балки мамлакатнинг иқтисодий ва инвестициявий салоҳиятини оширишга ҳам хизмат қилади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА