Обод уй – фаровон ҳаёт
Президент қарори – амалда
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 21 майдаги “Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва меҳр-саховат тадбирларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш борасида Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Наманган вилояти бўлими томонидан маҳаллаларда сайёр мурувват тадбирлари амалга оширилди.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” эзгу ғоясини ҳаётга татбиқ этишда инсонпарварлик, саховат, шукроналик ва бағрикенглик каби олижаноб фазилатларни ўзида ифода қилган қутлуғ Қурбон ҳайити ғоят аҳамият касб этмоқда. Бинобарин, шундай фусункор дамларда ижтимоий давлат бўлган Янги Ўзбекистонда меҳр-оқибатни кучайтириш, ёрдамга муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлаш, ҳеч кимни меҳр ва эътибордан четда қолдирмасликда бу улуғ байрам биз учун куч-ғайрат ва илҳом манбаи бўлаётир.
“Маҳалла” фондининг “Обод уй – фаровон ҳаёт” шиори остидаги хайрли ишлар учун ажратилган 50 миллион сўм маблағи ҳисобидан вилоятдаги 10 та кам таъминланган, ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларга моддий ёрдам кўрсатилмоқда. Хусусан, эҳтиёжманд хонадонлардаги уй-жойларни таъмирлаш, фарзандлари соғлом вояга етишларига кўмаклашувчи спорт жиҳозлари билан таъминлаш ва оиланинг моддий шароитини яхшилаш учун замонавий газ плиталари тақдим қилинди.

Бундан ташқари, инсонпарварлик лойиҳаси доирасида белгиланган ҳудудлардаги маҳалла “еттилиги” ва фаоллари билан биргаликда ҳашар уюштирилиб, кўнгилли кишиларнинг ёрдамида бир қатор хонадонлар таъмирланди.
– Бундан етти йилча аввал эрим кутилмаганда касалликдан вафот этгандан кейин уч кичик болам билан боқувчисини йўқотган оилага айланиб қолдик. Ўзимда иккинчи гуруҳ ногиронлиги мавжудлигига қарамасдан ширинлик тайёрлашни ўрганиб, тўй ва маросимлар учун буюртмаларни қабул қилиб, рўзғор тебратиб келмоқдаман, – дейди Янгиқўрғон тумани Баркамол маҳалласида истиқомат қилувчи Жамила Отабоева. – Қурбон ҳайити муносабати билан “Маҳалла” жамғармаси, ҳокимлик ва маҳалла фуқаролар йиғинидан вакиллар келиб, уй-жойимни таъмирлашга ёрдам беришларини айтишганда, кўнглим тоғдек кўтарилди. Қурилиш материаллари олишдан тортиб, усталарни чақиришгача бунёдкорлик ишларида бош-қош бўлишди. Қолаверса, менга қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда асқатувчи замонавий газ плитаси ва хамир қориш дастгоҳи, шунингдек, музлатгич ҳамда бошқа зарур жиҳозлар ҳадя қилишди. Инсон қадри улуғланаётган юртда ғамхўрлик топаётганимдан бағоят миннатдорман.

Эътиборлиси шундаки, “Маҳалла” фонди томонидан мунтазам равишда олиб борилаётган савобли ишлар “Ўзбекистон-2030” стратегияси дастурининг “2026 – Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да белгиланган вазифалар ижросига ҳамоҳангдир.


Оқилхон Дадабоев, ЎзА