Тошкентда “Uzbekistan OPEN-2026” халқаро турнири бўлиб ўтмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Пойтахтимиздаги “Олимпиа шаҳарчаси”да каратэ WKF ҳамда паракаратэ бўйича “Uzbekistan OPEN-2026” III халқаро турнирининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур нуфузли мусобақа спортнинг каратэ йўналишидаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ёш ва иқтидорли спортчиларнинг маҳорат синовидан ўтиши ҳамда тажриба алмашиши учун муҳим майдон вазифасини ўтамоқда. Турнирда турли давлатлардан ташриф буюрган спортчилар иштирок этиб, татамида ғолиблик учун баҳс олиб боради.
Очилиш маросимида спорт вазири ўринбосари Шахрилло Маҳмудов иштирок этиб, мусобақа қатнашчиларини қутлади. У ўз сўзида мамлакатимизда каратэ спорти оммалашиб бораётганини, бу эса халқаро ареналарда юқори натижаларга эришишда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади. Шунингдек, у барча спортчиларга муваффақият ва зафар тилади.
“Uzbekistan OPEN-2026” турнири нафақат маҳаллий спортчилар, балки халқаро майдонда ўз ўрнига эга бўлган атлетларни ҳам бир майдонга жамлагани билан аҳамиятлидир. Мусобақа давомида каратэ ишқибозлари юқори савиядаги, қизиқарли ва муросасиз беллашувларга гувоҳ бўлади.
[gallery-28994]
Бундай халқаро мусобақалар юртимизда спорт инфратузилмасини янада ривожлантириш, ёшларни спортга кенг жалб қилиш ва мамлакатимизнинг спорт соҳасидаги халқаро нуфузини оширишга хизмат қилмоқда.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА