Тошкентда стол тенниси бўйича Осиё чемпионати старт олди
Пойтахтимиздаги «Олимпия шаҳарчаси»да стол тенниси бўйича Осиё чемпионати баҳсларига старт берилди. Қитъанинг нуфузли мусобақасида 33 давлатдан ташриф буюрган спортчилар ғолиблик учун ўзаро куч синашади.
Мазкур чемпионат Осиёнинг энг кучли стол теннисчиларини бир майдонга жамлагани билан аҳамиятлидир. Мусобақа иштирокчилари орасида халқаро майдонда юқори натижаларга эришган, жаҳон рейтингида етакчи ўринлар учун курашаётган спортчилар ҳам бор. Хусусан, япониялик иқтидорли теннисчи Сора Мацусима ҳам чемпионатда иштирок этмоқда.
Беллашувларда спортчиларнинг техник маҳорати, тезкорлиги, аниқ ҳаракатлари ва ғалабага бўлган интилиши муҳим аҳамият касб этади. Қизғин ва муросасиз кечиши кутилаётган баҳслар стол тенниси ихлосмандларига ўзига хос спорт байрамини тақдим этиши шубҳасиз.
Йирик халқаро мусобақанинг юртимизда ташкил этилиши Ўзбекистонда спорт инфратузилмаси ривожланаётгани, нуфузли спорт тадбирларини ўтказиш борасидаги имкониятлар кенгайиб бораётганининг яна бир ифодасидир.
[gallery-32044]
Чемпионатнинг тантанали очилиш маросими 20 октябрь куни соат 13:00 да бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА