Марҳум судьянинг меросхўрларига суғурта пули ундирилмоқда
Жорий йилнинг 16 октябрь куни ижтимоий тармоқларда «Ўзагросуғурта» АЖ томонидан суғурта тўлови амалга оширилмаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан маълум бўлишича, иш Мажбурий ижро бюроси Мирзо Улуғбек туман бўлими иш юритувида бўлиб, ижро ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ижро варақаси асосида «Ўзагросуғурта» АЖ зиммасига жиноят ишлари бўйича Сариосиё туман судининг собиқ раиси, марҳум В.Х. Норбековнинг меросхўрлари — Х.С. Нурманова, Х. Норбеков, Г.П. Пардаева ҳамда вояга етмаган фарзандлари М.В. Саидов ва Г.В. Саидова фойдасига суғурта тўловини амалга ошириш мажбурияти юклатилган.
Суғурта тўлови марҳумнинг охирги ойлик иш ҳақининг 50 баравари миқдорида белгиланган.
Мазкур ижро ҳужжати асосида давлат ижрочиси томонидан «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг 23-моддасига мувофиқ ижро ишини қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилинган. Шунингдек, ижро ҳужжати талабларини бажариш қарздор зиммасига юклатилган.
Ижро ҳаракатлари давомида «Ўзагросуғурта» АЖга нисбатан 4 миллион 400 минг сўм миқдорида ижро йиғими қўллаш тўғрисида қарор чиқарилган.
Бундан ташқари, жамиятнинг мансабдор шахсларидан ижро ҳужжати талабларини 2026 йил 23 октябрга қадар бажариш бўйича мажбуриятнома олинган.
Ижро ҳужжати белгиланган муддатда бажарилмаган тақдирда, масъул мансабдор шахсларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 198-1-моддаси ҳамда Жиноят кодексининг 232-моддасида назарда тутилган жавобгарлик чоралари қўлланилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш берилган.
Айни вақтда ижро ҳужжатида белгиланган мажбуриятларнинг тўлиқ ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш мақсадида тегишли ижро ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Ҳамроз Баёнов,ЎзА