Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Рақамли таҳдидлар тобора кучайиб бораётган бир шароитда жорий йилнинг 7 ойида Тошкент вилоятида 4 мингга яқин кибержиноят қайд этилиб, 50 млрд.сўмдан ортиқ моддий зарар етказилган. Бу эса соҳада янги ёндашувлар ва таъсирчан профилактик механизмларни кучайтиришни тақозо этмоқда.
Шу муносабат билан вилоят прокурори А.Мирзаев, “Cyber University” давлат университети ректори Ш.Каюмов ва вилоят ИИББ бошлиғи А.Абдураззоқов иштирокида кибержиноятчиликка қарши курашишда билим, амалиёт ва замонавий технологияларни бирлаштиришга қаратилган уч томонлама Меморандум имзоланди. Унинг доирасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг киберхавфсизлик, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар бўйича салоҳиятини ошириш, университет талабаларининг эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти билан яқиндан танишиб, назарий билимларини амалиёт билан мустаҳкамлаши назарда тутилган.

***
Республика бўйлаб ўтказилаётган “Хавфсиз ва соғлом юрт” комплекс тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Янгийўл шаҳар ИИБ тезкор ходимлари томонидан “Янгиҳаёт” МФЙ ҳудудида жойлашган хонадон ўрганилди.

Натижада ушбу уй эгаси хонадон ҳовлисидаги иссиқ хона (парник) ичида жами бўлиб 22 туп таркибида гиёҳвандлик воситаси бўлган ўсимликларни парваришлаб, етиштириб келаётгани аниқланди ва холислар иштирокида ашёвий далил сифатида расмийлаштирилиб олинган. Ҳолат юзасидан шаҳар ИИБ томонидан 53 ёшли фуқаро Б.М. га нисбатан тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
***
Оҳангарон туманининг олис тоғли ҳудудларидан бири — “Гўшсой” маҳалласидаги 1-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти мукаммал таъмирланиб, қайтадан фойдаланишга топширилди. 1,1 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, муассаса биноси ва ички хоналари замонавий талаблар асосида янгиланди. Энди бу масканда болажонларнинг таълим-тарбия олиши, дам олиши ва бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун янада қулай шароитлар мавжуд.

Айниқса, Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида мазкур муассасанинг фойдаланишга топширилиши гўшсойликлар учун чинакам байрам туҳфаси бўлди. Чунки юрт тараққиёти нафақат шаҳарларда, балки олис тоғлар бағридаги ҳар бир маҳаллада, ҳар бир таълим масканида намоён бўлмоқда.
А.Мусаев,ЎзА