Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Ёшлар ишлари агентлиги директори Янгийўл шаҳридаги кутубхонада ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Учрашув давомида талаба-ёшлар томонидан таклиф ва мурожаатлар билдирилди. Хусусан, илгари сурилган ташаббусларнинг 5 таси стартап ва рақамлаштириш, шунингдек, таълим, илм-фан, қишлоқ хўжалиги ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни ўз ичига олди. Барча таклиф ва мурожаатлар атрофлича муҳокама қилиниб, уларни амалиётга татбиқ этиш ҳамда белгиланган тартибда ҳал этиш мақсадида масъул ташкилот ва мутасаддилар бириктирилди.

Шунингдек, Чиноз туманида фаолият юритаётган ёш тадбиркорлар фаолияти ҳам ўрганилди. Мулоқот давомида ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш жараёнида эришаётган натижалари, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш йўналишларидаги фаолияти, мавжуд имкониятлардан фойдаланиш даражаси ҳамда учраётган муаммолар ўрганилди.
***
Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманида барпо этилаётган кўп қаватли турар жой биносининг сейсмик барқарорлигини аниқлаш ҳамда конструктив ечимларнинг ишончлилигини баҳолаш мақсадида махсус ускуналар ёрдамида 8 баллик сунъий тебраниш синовлари ўтказилди.

Мазкур синовлар Тошкент вилояти ҳудудий Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси мутахассислари ҳамда тегишли ташкилотлар вакиллари иштирокида амалга оширилди.
***
Тошкент вилоятида жамоатчилик ҳаракат хавфсизлигига риоя этишга чақирилди. "Адолат" СДП ташаббуси билан Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати, Транспорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамкорлигида ўтказилаётган "Йўл маданияти – хавфсиз ҳаёт кафолати" умумреспублика тарғибот акцияси доирасида Оққўрғон ва Пискент туманларида кенг қамровли тарғибот тадбирлари ташкил этилди.

Тадбирлар давомида аҳоли гавжум ҳудудларда ҳайдовчилар, пиёдалар ва ёшлар билан юзма-юз мулоқотлар ўтказилиб, йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилиш, белгиланган тезлик меъёрларига амал қилиш, хавфсизлик камаридан мунтазам фойдаланиш, пиёдалар ўтиш жойларидан тўғри фойдаланиш ҳамда ҳаракат иштирокчилари ўртасида ўзаро ҳурмат ва масъулият маданиятини шакллантириш юзасидан атрофлича тушунтиришлар берилди.
А. Мусаев, ЎзА мухбири