Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Жанубий Кореянинг Кёнгидо вилояти тиббиёт соҳаси масъуллари учрашув ўтказди.
Унда бошқарма бошлиғи Тўрақул Арзиқулов Нурафшон шаҳрида барпо этилаётган 800 ўринли, 60 дан ортиқ йўналишда хизмат кўрсатувчи юқори технологияли кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳақида маълумот берди. Мазкур марказ учун малакали кадрлар тайёрлашга эътибор қаратилди. Жорий йил сентябрь ойида Кёнгидо провинциясининг етакчи тиббиёт муассасаларига нейрохирургия, кардиохирургия, травматология, онкология, рентгенология ва дентал имплантология йўналишлари бўйича 15 нафар мутахассис малака ошириш учун юборилади.

***
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Махсус авария-тиклаш бошқармасида “Сувни биргаликда асраймиз” лойиҳаси доирасида “Уч авлод учрашуви” бўлиб ўтди.

"Ёшлар ойлиги" доирасида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Кенгаши, “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси ҳамда нафақадаги ҳарбий хизматчилар ҳамкорлигида тадбирда тажрибали нафақадаги ҳарбий хизматчилар, ҳозирда хизмат олиб бораётган мутахассислар ҳамда ёшлар иштирок этиб, ўзаро фикр ва тажриба алмашди.
Хусусан, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, табиатни асраш, экологик маданиятни юксалтириш ҳамда келажак авлод учун сув захираларини тежаш масалалари юзасидан атрофлича суҳбатлар олиб борилди.
***
Ҳавони ифлослантираётган иссиқхоналар энди қатъий назорат остида. Тошкент вилояти Экополиция ходимлари Зангиота туманида экологик талабларга жавоб бермайдиган иссиқхона хўжаликлари фаолиятини танқидий ўрганди.

Махсус комиссия йиғилишида зарарли таъсирни камайтириш бўйича аниқ вазифалар белгиланди. Хусусан, иссиқхоналарни экологик хавфсиз ҳудудларга кўчириш, замонавий энергия тежамкор технологияларни жорий этиш, иситилмайдиган иссиқхоналарни ташкил этиш ҳамда табиий газ ва кўмирдан фойдаланишни кескин қисқартириш чоралари муҳокама қилинди. Шунингдек, иссиқхона эгаларига Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги "Сурхон-Агро" эркин иқтисодий зонасида яратилган имкониятлар ва кўчиш шартлари юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.
Тоза ҳаво, соғлом муҳит ва экологик хавфсизлик йўлида назорат тадбирлари давом этмоқда.
А.Мусаев, ЎзА мухбири