Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши ташаббуси билан Тошкент вилояти партия ташкилоти, Паркент тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида Паркент туманидаги “Қизил тоғ” ҳудудида “Биз инсон ва табиат уйғунлиги тарафдоримиз!” шиори остида экологик акция ўтказилди.
Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, экофаоллар, талабалар иштирок этди.
Мақсад аҳолининг экологик маданиятини ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга кенг жамоатчиликни эътиборини қаратиш, ёшларда табиатга масъулиятли муносабатни шакллантириш ҳамда ҳудудларда амалий ободонлаштириш ишларини ташкил этишдан иборатдир. Акция давомида “Қизил тоғ” ҳудудига табиат қўйнида дам олиш учун чиққан юртдошларимиз томонидан қолдириб кетилган чиқиндилар талаба ёшлар томонидан йиғиб чиқилди ва белгиланган ҳудудга махсус машиналарда олиб кетилди.
Якунда акция фаоллари партия Марказий Кенгашининг ташаккурномаси ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

***
Нурафшон шаҳрида “Давлат хавфсизлик хизмати кубоги – 2026” мусобақалари тантанали очилди. Марказий ўйингоҳга видео-конференция алоқа орқали уланган 22 та туман ва шаҳар вакилларига мавсум олдидан омад ва зафарлар тиланди.
Мазкур мусобақаларда 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар иштирок этади. Улар ўз маҳаллалари жамоалари таркибида футбол ва мини-футбол йўналишларида ўзаро беллашади. Ғолиб жамоалар вилоят босқичига йўлланма олиш учун кураш олиб боради.
Очилиш маросимида таниқли спорт шарҳловчиси Мирзаҳаким Тўхтамирзаев, футбол фахрийлари, тегишли мутасаддилар, шунингдек, вилоятнинг барча маҳаллаларидан таркиб топган 883 та катта футбол, 883 та мини футбол ҳамда 88 та қизлар жамоалари иштирок этди.
Ушбу спорт тадбири ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда футбол спорт турини янада ривожлантиришга хизмат қилади.


***
“Навоий” ҳамда “Ойбек” чегара божхона постида амалдаги талабларга зид равишда биологик фаол қўшимчалар ва дори воситаларини олиб киришга уринишлар аниқланди. Хусусан, йўловчига тегишли багажлар божхона кўригидан ўтказилганида, божхона назоратига тақдим этилмаган ҳолда 603 дона турли хил биологик фаол қўшимчаларни олиб киришга уриниш бартараф этилди.


Шунингдек, яна бир фуқаро бошқарувидаги енгил автотранспорт воситаси белгиланган тартибда кўздан кечирилганда, қиймати 70 миллион сўмлик тиббиёт воситалари аниқланди.
Аниқланган дори ва тиббиёт воситалари бўйича барча ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА.