Ёш сузувчилар маҳорати синовдан ўтди
Жиззах вилоятининг Зарбдор туманидаги сузиш ҳавзасида спортнинг сузиш ва парасузиш турлари бўйича “Президент Олимпиадаси” спорт мусобақаларининг II босқичи — “Ҳоким Олимпиадаси” баҳслари юқори кайфият ва қизғин рақобат муҳитида ўтказилди.
Мусобақада вилоятнинг шаҳар ва туманларидан ташриф буюрган иқтидорли ёш спортчилар иштирок этишиб, сув йўлакларида ўзаро куч синашдилар. Беллашувлар давомида иштирокчилар тезкорлик, чидамлилик ва юксак маҳорат намойиш этишиб, мухлислар олқишига сазовор бўлишди.


Ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросимида Жиззах вилояти спорт бошқармаси бошлиғи Нозимжон Усмонов, Миллий олимпия қўмитасининг Жиззах вилояти бўлими ижрочи директори Акмал Аҳмедов ҳамда соҳа мутасаддилари иштирок этишди. Тадбирда сўз олганлар ёш спортчиларга республика босқичида омад ва зафарлар тилашди.


Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар диплом, медаль ҳамда эсдалик совғалари билан тантанали равишда тақдирланишди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири